Ибратли воқеа: Онаизор
Тожи момо кенжаси Ҳакимжон билан туради. Чоли оламдан ўтгач, камгап, хаёлчан, букчайиб, муштдеккина бўлиб қолди. Тез-тез тоби қочади. Юраги хуруж қилиб, нафаси сиқилади.
Иссиқ-совуқдан камчилиги йўқ. Худога шукур, давлат бераётган нафақаси дори-дармони, кам-кўстига етиб турибди. Ўғли Ҳакимжон, келини барака топсин, ҳеч нарсага зориқтирмайди, меҳрибон, ғамхўр, дуосини олишга интилади. Илоё, қўша қариб, болаларининг камолини кўришсин!
Аммо момонинг кўнгил ғашлиги ёзилмайди. Тўнғичи Салимни соғинади. Дераза ёнида кўчага термулиб, кунни кеч қилади. Бироқ онаизор Салимнинг хаёлига ҳам келмайди. Болалигидан эрка, ялқов бўлиб ўсди. Ишга бўйин ёр бермайди, мактабда ҳам ёлчитиб ўқимади, бирор ҳунарнинг бошини тутмади.
Отаси «Балки мустақил яшаса, ўзини ўнглаб кетар», деб уйлантирди, бир кўча нарига ҳовли-жой қилиб, кўчириб қўйди. Йўқ, ўзгармади, мардикорлик қилиб кун кечиради, топганини хотини амаллайди, эридан нолимайди. Шунисига ҳам шукур, пул топаман деб аллақаерларга улоқиб кетмайди. Отаси тириклигида ҳафта-ўн кунда келиб турарди. Тожи момо невараларимнинг олдига қуруқ бормасин, деб қанд-қурс тугиб берарди. Отасининг маъракалари ўтгач, қадами узилди. Ишқилиб боши омон бўлсин, кўзи очиқлигида дийдорига тўйиб кетса, армони йўқ. Тожи момо шу хаёллар билан ўзига таскин беради.
Салим қўшни қишлоқда пахса ураётган эди. Ҳакимжон қўнғироқ қилиб қолди.
- Ака, қаердасиз, қўнғироқ ҳам қилмайсиз, қўнғироққа жавоб ҳам бермайсиз.
- Иш кўп. Ҳа, нима гап? - энсаси қотди Салимнинг.
- Онам юраги хуруж қилиб, касалхонада ётибди, туни билан мижжа қоқмасдан сизни сўраб чиқди. Келмасангиз бўлмайди.
- Аҳволи яхшими?
- Оғир! Тонг саҳар ҳушидан кетди.
- Бўпти, бораман! - Салим норози тўнғиллаб, телефонни ўчирди.
«Яна ишим чала қоладиган бўлдида, зўрға топувдим. Тупроқ яхши чиқмай, муддати ўтиб боряпти…», деди ўзига-ўзи.
Салим етиб борганида онаси ҳушсиз ётар, Ҳакимжон қўлида пиёла, докани ҳўллаб, оғзига сув томизиб турарди. Кўзлари юмуқ, ранги бўздек оқариб кетган беҳуш онасини кўриб, юраги эзилди. Барибир фарзанд-да, қалбининг аллақаерида мудроқ босган ўғиллик туйғуси уйғонганди.
- Дўхтирлар нима дейишяпти?
- Қўлларидан келганча қарашяпти, ёлғиз қолдирманг, дейишди, - Ҳакимжоннинг кўзлари ёшланиб, йиғламсиради.
- Мана бу пулни ол, дори-дармонга ишлатасан, насиб бўлса, ўзига келиб қолар. Сен кўз-қулоқ бўлиб тур, мен чала ишимни битириб келаман.
Ҳакимжон пулни олмади.
- Пулим бор, ака, оқшом ёнимда қолсангиз бўларди. Онам ҳушига келиб, сизни кўрса қувонарди. Кеч бўлиб қолди, барибир тунда ишламайсизку!
Салим онасига термулди: «Ишқилиб соғайиб кетсинда».
- Бўпти ука, бормасам бўлмайди. Эрталаб хабар оламан! - Салим хўрсиниб, Ҳакимжонни елкасига уриб қўйди.
Эрталаб онаси жон берганини эшитиб, ҳаллослаб дафн маросимига зўрға етиб келди.
- Акажон, онамдан айрилиб қолдик! - Ҳакимжон ҳўнграб, уни қучоқлади. - Ака, акажон, энди онамсиз нима қиламиз?
Салим кўнгли вайрон бўлиб, ич-ичидан ўзини койиди: «Сен ҳам фарзандмисан, бунчалар тошбағир бўлмасанг, онаизор сени қанчалик яхши кўрарди. Боши ёстиққа текканида оғзига бир томчи сув томизишга ярамадинг, дийдорингни бир кўришга зор бўлиб кетди-я! Нобакор ўғлингизни кечиринг, онажон, кечиринг».
Аммо энди Салимнинг тавба-тазаррусини эшитадиган ҳам, кечирадиган ҳам волидаю табарруги йўқ эди. Укасини бағрига босиб, елкалари силкиниб, ўнгсиз ўксиб-ўксиб йиғлади.
- Солоти жаноза! Солоти жаноза! - Оқсоқолнинг овозидан ўзига келган Салим тобут ёнида жаноза ўқишга тараддудланган имом ортидаги қаторга ўтди.
Тоғаймурод Шомуродов.