Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўй боқиб, “Малибу” минган чўпон

Сирлибой Суяров болалигидан Қўшработ яйловларида қўй-қўзи боқиб, катта бўлган. Бугунги кунда у чорвачиликка ихтисослашган “Кураган” фермер хўжалигининг бошлиғи.

- Ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчилиги, завқи бўлади, - дейди у. - Болалигимдан яйловларда қўй-қўзи боқиб келаман. Бундан 24 йил илгари фермер хўжалиги ташкил этганмиз. Ишни 12 бош қўй билан бошлаганмиз. Айни пайтда қўй-қўзиларнинг сони минг бошдан ошди. Чўпон бўлиш учун ҳам илм керак. Мен аввал бир йиллик механизаторлик билим юртини, кейин Мичурин номли техникумни, сўнгра Самарқанд қишлоқ хўжалик интитутини тамомлаганман.

Сирлибой Суяров турмуш ўртоғи билан бирга 2 ўғил ва 5 қизни тарбиялаб, вояга етказди. Уларнинг барчаси олий маълумотли. Уларнинг ўқимишли бўлишида Сирлибой аканинг мутолаага бўлган қизиқиши ва у яратган мўъжазгина кутубхонанинг алоҳида ўрни бор.

Уйимда шахсий кутубхона ташкил этганман, - дейди Сирлибой ака. - Китобларимнинг 95 фоизи илмий китоблар. Фарзандларимнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратганман. Масалан, уларга Алишер Навоийни фақат шеърият мулкининг султонигина эмас, балки сиёсатчи, тадбиркор ва деҳқон эканлигини тушунтирганман.

Бугунги кунда қишлоқ ёшларини иш билан таъминлаш мақсадида кредит асосида қўй-қўзилар бериляпти. Шу масалада кимдир Сирлибой Суяровга мурожаат қилса, у албатта синовдан ўтказиб, чорвачилик билан шуғулланишни эплай оладиган ёшларгагина қўй-қўзи сотиши мумкин экан.

Сирлибой ака раҳбарлик қиладиган хўжалик асосан аҳолига гўшт етказиб бериш билан шуғулланади. “Агар бу каби хўжаликлар қанча кўп бўлса, рақобат шаклланади, маҳсулот арзон бўлади”, дейди.

Ҳар қандай касб эгаси ўз-ўзидан мутахассис бўлиб қолмайди. Унинг муваффақиятлари  ортида устозлари туради. Сирлибой акага, асосан, унинг қўшниси Марди Тўймуродов чорвачилик сирларини ўргатган. У устозининг ўгитларини олиб, кам бўлмади.

- Қўй-қўзи боқиб, “Малибу” машинасини сотиб олдим, - дейди у. – Замонавий қишлоқ хўжалик техникаларига эга бўлдим. Фарзандларимни уйли-жойли қилдим. Аммо тўйларни дабдабали қилмадим. Қўйим кўп, деб сўйиб ташлайвермадим. Айримларга ўхшаб, “Мен сендан камманми?” қабилида иш кўришни хушламайман.

Сирлибой Суяров нафақат туманда, балки вилоятда алоҳида ўринга эга чорвадор, уста деҳқон. Келгусида у янги қўтонлар қуриб, хўжалик фаолиятини кенгайтириш, қишлоқ ёшлари учун янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган.

Тўлқин Сиддиқов,

Жасурбек Шукуров,

Бахтиёр Мустанов.