“Яшил орол”даги ёмғирсеварлар маконига саёҳат

Нуробод туманининг олис чўли: бир томони Қизилқум чўли билан, бир томони Муборак чўли ва бир томони Қарнаб чўли билан туташ. Ёзи жазирамаси-ю, қиши изғирин, муттасил увиллаган шамол эсиб турадиган бу манзилда бирор гиёҳ ундириш жуда маҳол юмуш.

Ана шундай шароитда ўз ташаббуси билан яшил ҳудуд яратаётган бир чорвадор ҳақида эшитиб, у ҳақида мақола тайёрлаш мақсадида ўша олис манзилга боришга қарор қилдик. Эътиборимизни тортган жиҳати, ўша чорвадор йигит, ўтган йили ўз кучи билан қарийб беш юз гектар майдонда саксовул экибди. Бу йил ҳам ўша ишларини давом эттираётган экан.

Тан олиш керак, баъзан эрта кўклам ҳовлимизга иккита чўп суқиб қўйишга ҳафсала қилмай, кейинги йилга қолдирамиз. У бўлса...

Сафаримиз кузнинг сўнги кунларига тўғри келди. Майин ёмғир ёғиб турар, мезбонларнинг махсус машинаси эски бўлса-да, лойли ўнқир-чўнқир йўллардан, қир ёнбағирларидан илдам кетиб борарди. Баъзан текис, баъзан нотекис йўллар, сув йиғилаётган сойликлардан кечиб кетардик. Йўлнинг эса охири кўринай демасди.

Тошли сой йўлларидан, кўлмаклардан чайқалиб-чайқалиб кетаётган машинадан хавотирланиб, “Бирон жойда ботиб қолмаймизми, қайтишимизгача сел тошқини келиб қолмасмикан”, деб сўрайман хавотирли оҳангда маҳаллий ҳайдовчидан.

“Сел келиб қолса, бир кун қоларсиз меҳмон бўлиб, чўпон отарлари кенг”, дейди ҳазиломуз табассум билан ҳайдовчи. Шу тоб кўз олдимдан чўлнинг ўртасидаги чорвадорлар бошпанасида, атрофларда бўри, шоқоллар изғиб юрадиган ғарибона қўналғада тонг оттириш келди...

Хаёлимда Жек Лондоннинг «Бир кунлик қўналға» асари воқеликлари гавдаланди. Тўғри, бу ерларда тун, Юкон дарёси бўйидагидек изғиринли, у қадар даҳшатли бўлмаса-да, барибир чўл шароити... У ерда бир кеча – минг кечадек туюлиши аниқ. Хаёлчан кетаётган эдик, сал нарироқда саксовулларни паналаб кетаётган юнгдор бир нарса кўринди. «Ана тулки», деди ҳамроҳим ўша томонни кўрсатиб. Йўлимизда унгача юмронқозиғу, эчкиэмарлардан бошқа жонивор кўринмаётган эди.

– Бу атрофда бўрилар бўлмайдими? Чўпонларда милтиқ борми, бўрилардан қандай ҳимояланади? – сўрайман ҳайдовчи акадан.

– Бу жойларда тулки, шоқоллар кўп, бўри фақат қалин қор ёққан пайтлари бўлиши мумкин. Қайтишимизда кечга қолсак, балки шоқолларни ҳам кўрсатарман, – деди ҳамроҳим жилмайиб ва бу гап менга қандай таъсир қилишини зимдан кузатди.

Чўл маликаси

Биз йўлда давом этардик, машина ойнасигача сачраётган лойларга бепарво ҳамроҳим хотиржам машинани бошқарар, мени ўша олис ҳудудга олиб боришга, чўпонларнинг чин ҳаёти билан таништиришга астойдил киришган эди. Қирларда баҳорги майсалар сарғайиб, кузги иссиқдан қайта ниш урган шувоқлар, дўмпайган саксовуллар ва яна қанақадир ўсимликлар учрарди. Шунда баланд қирлар устидан бир текис ҳайдалган шудгор изи ва унда кўклаган саксовулларга кўзимиз тушди.

“Чўл маликаси” дея таърифланадиган саксовул – чўлнинг нажот дарахти. Қурғоқчиликка мослашган бу наботот намунаси бийдай саҳрода биохилма-хилликни сақлаб-таъминлаб беради. Гарчи баланд ўсмаса-да, унинг тарвақайлаб кетадиган шох-шаббалари чўл ўсимликлари ривожланишида, жониворларнинг чанг-тўзондан ҳимояланишида паноҳ вазифасини ўтайди.

Маълум бўлишича, республикамизнинг ярмидан кўпроғи биз кетаётгандек, чўллардан иборат экан. Ушбу чўл ва яйловларнинг эса 40 фоизида турли даражадаги яйловлар деградацияси юзага келган ва уларнинг ўртача ҳосилдорлиги 20-30 фоизга камаймоқда. Чўлдаги табиий яйловларни тубдан яхшилашнинг асосий воситаларидан бири эса табиий ёввойи ҳолда ўсадиган саксовул бута ўсимлигидир. У чўлнинг асосий дарахти ва шу билан бирга у чўл ҳудудларида кўчма қум бўронларни тўхтатувчи энг афзал ўсимликлардан бири бўлиб, чўл ва ярим чўл ҳудудларининг экологик ва мелиоратив ҳолатини яхшилайди. Яратилган саксовулзорлар яқин атрофдаги яйлов ҳудудларнинг микроиқлимини яхшилайди, маҳсулдорлигини оширади ва чорва молларини кучли шамол, чанг, қишки қор бўронларидан ҳимоя қилиш билан бирга улар қоракўл қўйлар ва туяларнинг озуқа манбаи ҳисобланади. Қаҳрамонимиз ҳам мана шуларни мақсад қилиб, чўлда “яшил қалқон” бунёд этаётган бўлса, не ажаб.

Худди шундай саксовулзорлар барпо этиш орқали кўчма қумлар мустаҳкамланади, чўлланиш жараёни секинлашади, унинг таъсирида ер устки қисмида шамолнинг тезлиги камаяди, чанг тўзонлари бўлиб ҳавога туз ва қум заррачаларининг кўтарилиши тўхтайди. Маълумотларга кўра, 7 ёшли саксовулзорда шамол тезлиги бутунлай тўхтайди. Бир туп саксовул ўсимлиги тўрт тонна кўчувчи қумни тўхтата олади. 1 гектар саксовулзор йил давомида 1 минг 135 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб, 835 килограмм кислород ажратади. Бу эса ҳаво таркибини яхшилайди, атроф-муҳит ифлосланишига чек қўйилади.

 

Ёмғирсеварлар

Йўлда кетарканмиз ора-чорада, бир-бир қўй-қўзилар кўрина бошлади. Ҳайрон қоларлиси, улар ҳеч бир қаровчисиз эмин-эркин ўтлаб юрарди. Ниҳоят, яна бир тепалик ошганимиздан сўнг эшак минган чўпонга кўзимиз тушди. У бизга отарлар манзилини кўрсатди.

 Сал нарироқда биз йўқлаб келаётган чорвадор Ғулом Алматов бизни қарши олди ва яқин келиб, “Хуш келибсизлар, қадамларингиз хайрли экан, барака келтирдингиз”, дея сўраша бошлади.

“Ўзимиз билан ёмғир олиб келдик, бу киши меҳмон”, деб таништирди ҳайдовчи акамиз. Улар ёмғир ҳақида қандайдир тўлқинланиб гапиргани эътиборимни тортди.

Яйловларни яёв кезарканмиз, чорвадор акамиз сўз бошлади:

– Сизга айтсам, чўпонларни йўқлаш учун энг ажойиб вақт, бу – ёмғир ёғаётган пайт. Биз чорвадорларда “Ёмғир ёғса, чўпон уйқусида ҳам кулиб ухлайди”, деган гап бор. Ишонсангиз нигоҳларимиз доим кўкка қадалган. Доим осмондан барака ёмғири тушарканми, деб кутамиз. Ёмғир ёғса, даштлар кўклайди. Чорва тўқ бўлади. Ризқимиз шу об-ҳавога, инжиқ табиатга боғлиқ. Шунинг учун чўпонникига ёмғир пайти борган инсон – энг азиз меҳмон ҳисобланади.

Президентимиз ташаббуси бизга мадад бўлди

Йўлда биз кўрган саксовуллардан қилинган “яшил қалқон”га ёндош ҳудудларда иккита трактор ишлаётган экан. Беш-олти чоғли киши эса унинг ортидан ерга уруғ сочар, иш жуда қизғин кетяпти.

– Хитойлик бир инсон ёлғиз ўзи, чўлни обод қилганини кўрдим. Нега биз уддалай олмаймиз, деб ака-укалар ҳаракатга тушдик. Президентимизнинг яшил макон яратиш бўйича ташаббуслари бизга мадад бўлди. Ўзимиз униб-ўсган шу чўлни обод қилишни, яшил белбоғ яратишни мақсад қилдик. Ўрмон хўжаликларидан саксовул уруғи олиб келиб, 500 гектар ерга аввал тракторда ерни ҳайдаб, кўпчилик ҳаракат қилиб, бир ой давомида экиб бўлдик. Ниятимиз холис экан, бу йил баҳор серёғин келди. 90 фоиз уруғ кўкарди, ҳозир саксовул орасига каврак экяпмиз, - дейди Ғулом ака.

Чорва ортидан 20 суткалаб пиёда юрганмиз...

Отарлар атрофида ем-хашак ғарамлари худди Миср пирамидалари шаклида баланд қилиб, тахлаб қўйилган экан.

- Чорва қишловига ҳозирлик кўриб қўйдик. Хашак, емишдан кўнгил тўқ, - дейди чўпон акамиз. - Қўйларни кунига икки марта ўтлатишга ҳайдаймиз. Кундуз бир, кечаси бир.

 Машинадан тушганимдан буён ёмғирдан жунжикиб пана излаганимга хижолат тортдим. Ахир чўпонлар бир кетишда шу ҳавода беш-олти соатлаб кетар эканда.

– 2022 йил баҳор қуруқ келиб, қўйларни Зомин томонга ҳайдаган эдик. Ишонсангиз, шу кетишда декабрь ойи охирида подани қайтардик. Пиёда йўл юриб, 20 кун деганда отарларимизга етиб келганмиз. Совуқ, жазирама деган нарсалар биз, чўпонлар учун иккиламчи. Чорва бир кун жойида туриб қолса таъсири сезилади, - дейди чорвадор. - 13 ёшимда отамдан чўпон таёғини олганман. Шунда бу касбни ўзимга тақдир қилганман. Ота-боболаримиз шу касбдан кун кечирган. Биз ака-укалар ҳам чўпонликдан оила боқяпмиз.

Отарларни кўздан кечирарканмиз, чорва тўқ, қоракўл қўйлар териси жудаям бежирим эди.

Чўпон акамизнинг айтишича, авваллари қоракўл терига талаб катта бўлганидан, қўзичоқлар туғилгандан сўйилиб, териси олинар экан. Ҳозир эса қўзичоқларнинг 90 фоизи ўстиришга қолдирилар, фақатгина онаси касал бўлганларигина терига топширилар экан.

Теварак-атрофни, чорваларни кўздан кечириб, чўпон уйи ёнига келдик. Уй атрофидаги катта-катта бўрибосарлар бизга ётсираб қараб, сал безовталанди-ю, салдан кейин кўникма ҳосил қилдими, индамай қолди.

Чўпоннинг уйи мен тасаввур этгандек ғарибона эмас экан. Ҳартугул ёнида “Кобальт” автомобили турибди, машина ичига бир назар ташлаш билан унда қўй ташилишини билиш қийин эмас эди.

– Биз, чўпонларга “Феррари” машинаси берилса ҳам, унда қўй ташийверамиз, бизларга бу ҳаракат - тирикчилик воситаси, - таъриф берди хижолатомуз бўлиб Ғулом ака.

Суҳбат асносида чўпон акамиз қўналғасига бир пиёла чойга таклиф этди. Хушбўй нордон чой эътиборимни тортди. Айтишларича, бу саксовул баргларидан дамланган чой бўлиб, чўпонлар доим шунақа чой ичишар экан. Бундай чой қон босимини пасайтириб, одамга роҳат бағишларкан. Ўзининг хушбўй ҳиди билан саксовул барглари зарарли ҳашаротларни ҳайдаш хусусиятига ҳам эга.

Суҳбат анча давом этди, отарларни айландик, қош қорая бошлагач, мезбон бизга бир кеча меҳмон бўлишни таклиф этса-да, қайтишга чоғландик. Бахтимизга ёмғир шашти сал пасайган эди. Фақат ортга қайтадиган йўлимиз хавфсиз бўлсин-да. Йўқса...

Биз таваккал қилиб йўлга чиқдик. Келишимизда сал ғашимизни келтирган ёмғир, қайтар чоғи ўзгача туюлди. Машина ойнасига урилаётган томчилар, чўлдаги беҳисоб ҳайвонот ва наботот оламига ҳаёт бахшида этиши қалбимизга таскин бағишларди.

 Шуҳрат Нормуродов.