Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Жомбой зиё чашмаси” овоз ёзиш студиясида имконияти чекланганлар учун аудиокитоблар тайёрланди

Замонавий техника ва технологиялар имкониятидан кенгроқ фойдаланишга ҳаракат қилаётган инсонларнинг жонбозлиги билан кейинги йилларда китобларнинг аудио варианти тайёрланиб, кўпчилик учун қулайлик яратилмоқда.

Жомбой тумани кўзи ожизлар жамияти қошида фаолият кўрсатиб келаётган “Жомбой зиё чашмаси” овоз ёзиш студиясида ҳам ана шундай хайрли ишга қўл урилди.

Хусусан, ушбу студияда Миркарим Осимнинг “Ибн Сино”, Хосият Бобомуродованинг “Ҳисобли дунё”, Фармон Тошевнинг “Тазарру”, “Гўзал изтироб”, Жумагул Сувонованинг “Қирмиз қизнинг қиссаси” каби шеър ва насрий асарлари, жаҳон адабиётидан Оноре де Бальзакнинг “Чин севги” ҳикояси овозлаштирилди.

Машаққатли меҳнат ва фидойилик эвазига тайёрланаётган аудиокитобларни аҳолининг кенг қатламига, шунингдек, тегишли корхона-ташкилотлар кутубхоналарига етказишда маданият, халқ таълими бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар ёрдамига, айниқса, оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлари тарғиботига жиддий эҳтиёж сезилмоқда.

Аудиокитобларни харид қилишни хоҳловчилар “Жомбой зиё чашмаси” овоз ёзиш студиясига мурожаат қилишлари мумкин.

Маълумот учун Маъруф Расуловга мурожаат қилишингиз тавсия қилинади: Самарқанд вилояти Жомбой тумани, Тошкент кўчаси 8-уй, +99897-575-56-35 рақамли телефон.

Савоб ишдан, энг муҳими, китобга ошно бўлишдан четда қолманг!