Жомбой ва Пахтачи туманларида мансабдор шахслар пора билан ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан Жомбой туманида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, 1988 йилда туғилган фуқарога яшаш хонадонида хусусий мактабгача таълим муассасаси очиши учун унинг турар-жойини ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш эвазига тамагирлик йўли билан 200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Пахтачи тумани экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга туманда карьер фаолиятини амалга ошириши учун экологик хулоса бериш, Қарнаб қишлоғидаги “Наквойсой” ҳудудидан тош-шағал қазиб олишига рухсат бериш ҳамда келгусида МЧЖ фаолиятини қўллаб туриш учун 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.