Жомбойга бориб, Ўзбекистонда юрганимни ҳис қилдим

Пойтахтда яшаб, кўчалардаги русча, инглизча ёзувлардан ғашиқиб ўрганиб қолган эканман.
Илгари сартарошхона деган жойлар бўлар эди. Кейин “парикмахерская” бўлиб кетди. Энди “barbershop”га айланди. Машина ювадиган жойлар “автомойка”дан “car wash”га айланди… аммо ўзбекча бўлмади.
Хуллас, у ёқ-бу ёққа чиқиб туриш керак экан. Дам олиш кунлари ота юртимга бордим. Уйимга бориб, қайтар эканман-у кўча айланиб, томоша қилмас эканман.
Бир яқин опамиз вафоти муносабати билан қариндошлар билан Жомбойнинг олисроқ Хурми қишлоғига бориб келдик. Йўлларда ёзувларни ўқиб кетиш одатим. Беихтиёр қараб кетяпман: “Автоювиш, “Ўзинг юв”, “Гўшт дўкони”, “Идора ашёлари”, “Тикувчилик”, “Биз иш бошладик”... Хуллас, кўнглим кўтарилди.
Ҳатто қишлоқлар номлари ҳам қатор ёзиб кетилган. Болалигимда кўп эшитганим Манғит, Журият, Наймантепа, Йўғонтепа, Нўш... каби қишлоқлар номини ўқиб борар эканман, юртимдан “узилиб” кетганимга уялдим.
Кейинги куни туман марказига иш билан бордим. Бир-икки истисно ҳолатларни ҳисобга олмаганда ҳамма пешлавҳалар ўзбек тилида экани қувонтирди.
Яна қаерда шундай? Ким билади?
Биз баъзан қишлоқларга борганда шаҳардаги ўзгаришларни намуна қилиб кўрсатамиз. Энди катта шаҳарларимиз қишлоқлардан намуна олса арзирли бўлибди. Баракалла, жомбойликлар!
Манзура Шамс.