Жомбойда гилос етиштиришга алоҳида эътибор қаратилади
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг «яшил» усулларини ривожлантириш бўйича «Бир мамлакат – битта устувор маҳсулот» (“One Country – One Priority Product” – OCOP) глобал ҳаракатлар дастури доирасида Европа ва Марказий Осиёда мамлакатбай лойиҳаларни амалга ошириш бўйича минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда миллий ва халқаро экспертлар, жумладан, Албания, Арманистон, Грузия, Қирғизистон, Молдова, Сербия, Тожикистон, Туркия ва Хитой вакиллари иштирок этди.
Семинар доирасида Жомбой туманига ташриф буюрган мутахассислар маҳаллий соҳа вакиллари билан «Бир мамлакат – битта устувор маҳсулот» глобал ҳаракатлар дастурининг Европа ва Марказий Осиёда амалга оширилиши билан танишиш, мавжуд муаммолар ва имкониятлар юзасидан фикр ва тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан гилоснинг мамлакатимизда етиштириш бўйича ишлар кўламини янада ошириш белгиланди. Шу муносабат билан ҳозирги кунда Ўзбекистонда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни яхшилаш учун инновацион ёндашувлар» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Айни лойиҳада таъкидланганидек, гилос барқарор ва инклюзив ўсиш учун катта имкониятларга эга маҳсулот. Бу борада юртимизда гилосзорлар йилдан йилга кўпайиб бораётганини ҳам алоҳида айтиб ўтиш лозим. Маълумот учун айтиш керакки, охирги уч йил давомида барча тоифа хўжаликларида 10 минг гектардан ортиқроқ гилос боғлари ташкил этилди. Бугунги келиб эса мамлакатимизда 25 минг гектарга яқин гилос боғлар мавжуд. Асосий ҳосил айнан ушбу боғларидан олинмоқда. Ўзбекистонда йилига ўртача 180 минг тоннагача гилос етиштирилади.
Дастурнинг Осиё минтақаси бўйича глобал координатори Ҳафиз Мўминовнинг ташаббуси билан лойиҳа доирасида Жомбой туманидаги «Мароқанд мева-сабзавот» масъулияти чекланган жамиятининг интенсив технологиялар асосида етиштириладиган гилос боғлари ҳам кўздан кечирилди.
Юқорида айтиб ўтилганидек, гилос етиштириш борасида Жомбой туманида фаолият олиб борувчи йирик деҳқончилик ва мева маҳсулотларини етиштирувчи «Мароқанд мева-сабзавот» масъулияти чекланган жамиятининг ҳиссаси ҳам салмоқли. Хусусан, ушбу МЧЖ боғларида 6 хил гилос навлари етиштирилади.
— «Бир мамлакат учун — битта устувор маҳсулот» йўналишининг танланиши ноўрин хавотирни уйғотмаслиги керак. Амалиётда мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигида битта устувор маҳсулотни танлаши уни бошқа кучли томонларини илгари суриш учун ҳам замин яратади, – дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Деҳқончилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлими директори, жаноб Жинг Юан Ся. – Умуман олганда, бир мамлакат учун битта қишлоқ хўжалиги маҳсулотига эътибор берилиши бу бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг чекланиши дегани эмас. Ўзбекистонда бу лойиҳа учун гилос маҳсулотини танланган. Гилос эса мамлакатингиздаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эскпорти ичида 5-ўринни эгаллайди. Бу экспорт салоҳиятини янада ошириш учун давлатингизда барча шарт-шароитлар мавжуд. Мамлакатингиздаги ажойиб иқлим, боғбон ва фермерларнинг бу борадаги тажрибалари бу имкониятларни янада кенгайтиришга туртки бўлади деб ўйлайман.
Шунингдек, хитойлик мутахассиснинг таъкидлашича, Жомбой тумани иқлими айни маҳсулотни етиштиршда жуда қўл келади. Келгусида туман ҳудудида алоҳида гилос плантацияларини ташкил этиш бўйича режалар қилинди.
Меҳрож ФАЙЗИЛОВ.