Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жорий йилдан бошлаб касалликларга қарши эмлаш яна биттага ортди

Самарқанд давлат тиббиёт институтида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирокида «Ўзбекистонда юқумли касалликларга қарши янги вакциналарнинг тадбиқ этилиши: мақсад ва кутилаётган натижалар» мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган институт олим ва мутахассислари, магистр ва талабалари эмлаш профилактикаси ва унинг аҳамияти, турлари, унга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, вакциналарни сақлаш каби муҳим жараёнлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлишди.

Эмлаш юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишини олдини олишда энг самарали чоралардан ҳисобланади. Юртимизда сўнгги 40 йил ичида профилактик эмланиш туфайли қизамиқ, дифтерия, кўк йўтал, полиомиелит, эпидемик паротит, “В” вирус гипатети, қизилча, сил, грипп ва қоқшол каби касалликларга қарши кураш олиб борилмоқда. Шу мақсадларда ҳар йили юртимизда Миллий эмлаш календарига мувофиқ, 0-6 ёшгача бўлган болаларда 12 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари ўтказилади. Жорий йилдан бошлаб уларнинг сони яна биттага ортди.  

Турли инфекцияларга қарши янги вакциналарнинг босқичма-босқич жорий қилинишини ҳисобга олиб, йилдан йилга болаларни эмлаш дастури такомиллаштириб борилмоқда. Миллий эмлаш тақвими асосида профилактик эмлаш юртимиздаги барча болаларнинг 97 фоизини қамраб олган.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.