Кенгаш ижро ҳокимиятини назорат қилиши керак эмасми?

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг жорий йил 5 февралдаги қарорида депутатларни ОАВда чиқиш жадвали тасдқиланган. Бироқ бугунги кунгача бир қанча депутатлар қарорда белгиланган муддатда матбуотга маълумот тақдим қилмаган.

Депутатлар билан боғланганимизда сайлов округида ўтказган учрашувлари ва юборган депутатлик сўровлари борлигини, бироқ округ ҳудудида дастурлар доирасида қандай вазифалар белгилангани тўғрисида маҳаллий ҳокимликлардан маълумот ололмаётганлигини билдирмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: халқ депутатлари вилоят Кенгашининг котибияти ишни нимадан бошлади? Ахир депутатлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, уларга зарур ташкилий-техник ёрдам бериш котибиятнинг асосий вазифаси эмасми?

Шу пайтгача мақоласи эълон қилинган депутатлар сўровларига жавоб қайтарилмаётгани ёки мутасаддилар ҳеч қандай маъниси йўқ икки энлик жавоб бераётганини қайд этмоқда. Савол устига савол, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, депутатларга катта ишонч билдираётган, уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаётган бир пайтда бу масалага нега Кенгаш котибияти жиддий киришмаяпти?

Умуман, бугун депутатлик назорати етарлича йўлга қўйилмаётгани ҳақида қачон ўйлаб кўрилади? Фаолият бошлаганига саккиз ойдан ошган халқ ноиблари ҳали бирор масалани мустақил ўрганиб, сессияда муҳокама қилган эмас. Кенгашнинг асосий функцияси ижро ҳокимияти фаолиятини назорат қилишдан иборат эмасмиди?

Қуйида 5 февралда сессия қарори билан белгиланган муддат ўтиб кетган бўлишига қарамасдан, матбуотда чиқиш қилмаган депутатлар рўйхати келтирилган: