Кун тарихи: 21 март - Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд топган кун

Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Некўз қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетида таҳсил олган. «Митти юлдуз», «Кўзларим йўлингда», «Онажон», «Руҳим», «Ўзбекистон», «Хотирот», «Юртим шамоли», «Юзма-юз», «Ҳайрат», «Нажот қалъаси», «Йиллар армони», «Ҳаж дафтари», «Муножот», «Сайланма», «Дунё», «Шоир юраги», 4 жилдлик «Танланган асарлар» ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган. «Жаннатга йўл», «Соҳибқирон» достонларини ёзган.
Дантенинг «Илоҳий комедия»сини, А.Некрасов, Л.Украинка, Т. Шевченко, Р.Ҳамзатов, Қ.Қулиев асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифи.
Ўзбек замонавий шеъриятининг "Навоий"си деган таърифга лойиқ кўрилган шоир ижоди нафақат ўзбек, балки қардош халқлар, дунё китобхонлари қалбидан муносиб жой олган.


                Абдулла ОРИПОВ


                          Наврўз
Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,
Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.
Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Она бағри каби илиқдир олам,
Ҳарир ҳовур ичра яйрар дала-туз.
Қолди пучмоқларда хазон янглиғ ғам,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Яна кўнгиллардан рутубат кетди,
Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.
Яна дилдорликнинг фурсати етди,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.