Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кун тарихи: 8 август – Ўзбекистон халқ артисти Таънаберди Қурбонов таваллуд топган кун

 “Бугунгача энг яйраб, энг завқланиб, тўйиб-тўйиб йиғлаб, тўйиб-тўйиб роҳатланиб ижро этган ролим Улуғбек роли бўлди. Афсуски, менинг актёр сифатидаги охирги ижодий ишим ҳам, охирги ролим ҳам шу Улуғбек роли эди”.

Бу Ўзбекистон халқ артисти Таънаберди Қурбоновнинг гапи.

Таниқли актёр, жамоат арбоби Т.Қурбонов 1935 йил 8 августда Паст Дарғом туманидаги Арабхона қишлоғида туғилди. У аввал Самарқанд давлат университети, кейин Тошкент театр ва рассомчилик институтида таҳсил олди. Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят давлат  мусиқа ва драма театри (ҳозирги вилоят мусиқали драма театри)да олти йил (1964-1970 йй.) актёр, 25 йил директор ҳамда бадиий раҳбар бўлиб ишлади.

У ижод дарди билан яшади. Бу дард унинг истеъдодини шакллантирибгина қолмай халқ меҳрига сазовор қилди. Хусусан, моҳир санъаткор “Отелло” трагедиясида Отелло, “Қиёмат қарз” асарида Сулаймон ота, “Мирзо Улуғбек” драмасида Улуғбек роллари билан мамлакатга танилди.

1967 йилда Эзоп ролини яхши ижро этгани учун энг яхши рол ижрочиси сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари, у режиссёр сифатида 20 га яқин асарларни саҳналаштирди, театр санъатига оид 100 га яқин мақолалар, битта китоб ёзди.

Мустақиллик йилларида Т.Қурбонов жамоат арбоби сифатида майдонга чиқди. Икки чақириқда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати этиб сайланди. 1999-2007 йилларда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимини бошқарди.

1974 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 1978 йилда Ўзбекистон халқ артисти, 2000 йилда фидокорона хизматлари учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби бўлди.

Таънаберди Қурбонов 2015 йилда 80 ёшида вафот этди. Аммо маҳорат билан ижро этган роллари миллий санъатимизда ўчмас из бўлиб қолди.

Баҳриддин Хонкелдиев тайёрлади.