Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Мусор не бросать! Штраф 100000… сум!!!»

Деворлардаги огоҳлантиришлар, қоғоздаги таклифлар ниҳоят ҳаётга кўчди. Ёдингизда бўлса, шаҳар кўчаларининг аҳоли гавжум яшайдиган ҳудудларида, кўп қаватли уйларнинг олдидаги чиқинди атрофи, пана-пастқам деворларда «Чиқинди ташламанг, жаримаси юз минг сўм» каби ёзувлар (мудом русча ёзиларди: «Мусор не бросать! Штраф 100000… сум!!!». Ҳарҳолда мен ўзбек тилида бундай ёзувларни ўқимаганман) бўларди. Чиқиндиларини белгиланмаган жойга ташлаётганларнинг ҳаммаси бу ёзувни ўқирди. Аммо зиғирча ҳам истиҳола қилмай, чиқинди ташлаб кетарди.

Бу ҳақда эҳ-ҳе қанча мақолалар ёзилмади, қанча журналистларнинг, мутасадди ташкилот вакилларининг таклифу ташаббуслари айтилмади, дейсиз. Аммо бу гапларнинг қанчаси қоғозда, қанчаси оғизда қолиб кетганди ўша йиллари. Белгиланмаган жойга чиқит ташламаслик учун фақатгина фуқаро маданиятининг ўзи кифоя қилмаслиги, кўча, хиёбонларда чиқинди қутилари ўрнатилиши, уни олиб кетиш учун тегишли транспорт доимий ишлаши лозимлиги, чиқиндиларни турига қараб ажратилиши, бу борадаги хориж тажрибаси ҳақида ўнлаб мақолалар чоп этилганига ўзим гувоҳман. Аммо аҳвол кўпам олдинга силжимади, негадир. Қайси ташкилотга мурожаат қилмайлик, бу масала унга тегишли эмасдай йўл тутиши масалани янада чигаллаштирар, унинг ижроси кимга тегишлилигини билолмай мухбир хуноб бўларди.

Бугун чиқинди масаласи билан шуғулланаётган ташкилотларнинг, унга масъулларнинг кўпайганини кузатиш мумкин. Кўчаларда аввал кичик, кейин аҳоли гавжум жойларда каттароқ, одам қараса уялмайдиган, таъби хира тортмайдиган қутиларнинг пайдо бўлганини кузатдик. Кейинроқ қутилар атрофи учун бежирим уйчалар қад ростлагани кўзимизни қувонтирди. Маҳаллаларга ҳар ҳафта чиқинди ташиш учун тегишли транспортлар қатнови йўлга қўйилганига аллақачон кўникиб қолдик. Аста-секинлик билан бу масала бўйича тизим яратилди.

Ҳозир чиқинди бўйича бир неча масъул ташкилотлар борлиги ва улар доимий равишда ўз фаолиятини олиб бораётганига, аҳолига зарур ахборот етказаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Муҳими, аҳоли эътибор қилиб-қилмай содир бўлаётган бу ўзгаришларга давлат томонидан миллиардлаб пул ажратилди. Оғизда осонгина айтиладиган ишлар, қоғозда ҳисоб-китоб қилса, кўпчиликни ўйлантириб қўядиган рақамлар билан содир бўлди. Шунинг учун бўлса керак, бугун бежирим чиқинди қутиларга ташлашга ҳам эриниб, унинг ёнига елим халтачани ташлаб кетаётганларнинг ҳаракатини юқоридаги ишларнинг жуда катта маблағ эвазига, қанчадан-қанча инсонларнинг заҳматлари туфайли содир бўлаётганига нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолаш мумкин. Энди бу ҳолат ростакамига баҳоланаётганига яқинда кўзим тушди.  Уни ўқирканман, ҳақиқатан ҳам тақиқларга эътиборсизлик қилган одам, мавжуд шароитни ҳурмат қилмаган инсоннинг қилмиши ҳуқуқий  баҳоланишидан хурсанд бўлдим.

Жумладан, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг расмий телеграм каналида қуйидагича ахборот берилди:

«Самарқанд вилояти Нарпай тумани, Мушкент маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.И. ўз уйида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларини маҳалла ҳудудида тўплаб, очиқ аланга олдириб ёқиб юборгани аниқланди ва унга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, 111.500 сўм жарима белгиланди.

Қўшработ тумани Зармитан МФЙда яшовчи фуқаро С.Б. эса уйидаги маиший чиқиндиларни маҳалла кўчасининг четига ташлаганлиги аниқланди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 91-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари (223.000 сўм) миқдорида жарима қўлланилди».

Биз узоқ йиллардан бери кўча-кўйда кўзимиз тушадиган огоҳлантирувчи, тўғрироғи, кўзимизни қўрқитиш учун ёзилган, аммо таъсири бўлмаган бу гаплар ниҳоят амалга ошганидан, тўғриси енгил тортдим.

Дарвоқе, ушбу расмий каналда айтилишича, «Чиқиндини белгиланмаган жойга ташламанг. Жаримаси бор» каби ўзбек тилидаги ёзувлар ҳам керакли ҳудудларга илиб қўйилаётган эмиш. Буниям яхши ўзгариш десак бўлади...

Гулруҳ МЎМИНОВА.