Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Оқ қаншар

(Антон Чехов)

1

Очиққан урғочи бўри ўрнидан туриб, ов сари отланди. Унинг учта боласи бир-бирига ёпишиб баданларини иситганча қаттиқ уйқуда эдилар. Она бўриваччаларини ялаб қўйди-да нари кетди.

Баҳор фаслининг март ойи аллақачон кириб келган, аммо тунлари дарахтлар худди декабрдек совуқдан чарсиллар, тилинг­ни яласанг совуқ чимдиларди. Она бўри заиф эди, ўзига ишонмас; арзимас сасларга ҳам қулоқ тутар ва тинмай инидаги бўриваччаларига ҳеч ким озор етказмасмикан, деб ўйларди. Одам ҳиди, от излари, кўпик, йиғилган ўтинлар ва ўғитланган қорамтир ер уни чўчитарди; назарида, дарахтлар ортида одамлар яшириниб тургандек ва ўрмоннинг қаеридадир итлар акиллагандек туюларди.

Бўри энди ёш эмасди, у сезги кучини йўқотган, шу сабаб тулки изини итники деб ўйлаб ҳисларида адашар ва ҳатто сохта сезгиларига таяниб, йўлидан қайтар, бундай ҳолатлар ёшлик пайтлари юз бермасди. Соғлиғи заифлигидан у аввалгидек бузоқ ва катта қўйларни овламай қўйган, тойчоғини эргаштирган отлардан нари юрар, ўлаксахўрлик қилар, янги гўшт билан камдан-кам озиқланар, фақат баҳор палласида бирор қуённи овлаб, болаларига олиб борар ёки қўзичоқ боқилаётган молхона сари отланарди.

Инидан тўрт чақирим наридаги почта йўлида қишлов жой бор эди. Бу ерда етмиш яшар Игнат исмли чол яшар, ҳар доим йўталиб юрар ва ўзи билан ўзи сўзлашарди; одатдагидек у тунда ухлар, кундузи эса бир стволли милтиғи билан ўрмонда изғир ва қуён овларди. Эҳтимол, қария илгари механик бўлиб ишлагандир, сабаби ҳар сафар у тўхташдан аввал ўзига ўзи “Стоп, машина!” деб ҳайқирар, юришдан олдин бўлса “Йўл очиқ!” дерди. Унинг ёнида зоти номаълум бўлган Арапка лақабли ҳайбатли қора ит бирга юрарди. У чолдан узоқлашиб олдинга югурса, эгаси қичқирарди:

– Йўл орқага!

Баъзан қария куйлар, шу асно гандираклаб тез-тез йиқилиб тушарди (она бўри буни шамолдан деб ўйларди) ва ҳайқирарди:

– Рельсдан чиқиб кетдик!

Она бўрининг эсида, ёз ва кузда қишлов ён атрофида қўй ва икки қўзичоқ кўринарди, ўшанда бўри уларни четлаб ўтаркан, худди молхона ичидан маъраш эшитилгандек бўларди. Ҳозир эса қишловга яқинлашар экан, бўри айни пайтда март эканини унутиб, молхонада бирор қўзичоқ бўлса керак деб тахмин қилди. Унга очлик азоб берар, қўзичоқни қанчалик иштаҳа билан ейишини тасаввур қилар, бу хаёллардан тишлари ғичирлаб икки кўзи оловдек ялтирарди.

Игнатнинг кулбаси, омбори, молхона ва қудуғи баланд қор уюми билан ўралганди. Тинчлик ҳукм сурмоқда. Арапка ҳойнаҳой омборда ухларди.

Қор уюмидан ошиб ўтган бўри молхонага яқинлашди, панжалари ва тумшуғи билан сомонсувоқ томни очишга уринди. Сомон том увадаланиб бўшаб қолганди, шу сабаб бўри кўп қийналмади; тумшуғига илиқ буғ, ўғит ва қўй сутининг иси урилди. Пастдаги қўзичоқ совуқ ҳавони сезиб маъраб қўйди. Дарчадан сакраган бўри панжа ва кўкси билан қандайдир юмшоқ ва иссиқ нарса устига тушди, ҳойнаҳой қўй бўлса керак, шу лаҳзада эса молхонага кимдир кирди ва ингичка овозда қаҳри билан акиллади, қўй-қўзилар деворга қапишди, қўрқиб кетган она бўри бўлса тишига илинган ўлжани ўмарди-да, ташқарига отилди…

У бор кучи билан чопар, айни пайтда бўри исини олган Арапка шиддат билан уни қувар, қўндоқдаги товуқлар қақиллар, Игнат бўлса остона зинапоясига чиқиб бақирарди:

– Тезлик оширилсин! Ҳуштак чалинсин!

У шундай деб машинага ўхшаб ҳуштагини чалди, сўнг яна “го-го-го-го!..” Бутун шовқин ўрмон ичра акс садо бўлиб қайтди.

2

Аста-секинлик билан бари тинчигач, она бўри ҳам тинчланди ва шуни пайқадики, у оғзида тишлаб турган ўлжаси оғир ва қаттиқроқ эди, одатда бу вазн иккита қўзичоққа тенг келарди; ҳиди ҳам бошқача бўлиб, ғалати овоз чиқарарди… Бўри дам олиш ва озиқланиш учун тўхтаб юкини қор устига қўйди ва бирдан жирканиб сапчиб кетди. Бу қўзичоқ эмас, балки қора, хумбош ва узун оёқли, суяги йирик худди Арапканики каби пешонасида оқ доғлари бўлган кучук боласи эди. Кўринишидан пачоқ, оддий кўппак эди. У ғижимланган ярадор белини ҳеч нима бўлмагандек ялаб қўяр, думини ликиллатар ва бўрига ясланарди. У ириллаб кучукваччадан узоқлашди, ит ҳам унинг ортидан қолмади. Бўри ортига қайрилиб кучукка тишларини ғижирлатди; у эса бир дам тўхтаб ўйланиб қолди ва бўрини ўзи билан ўйнаяпти деб санаб, тумшуғини қишлов тарафга бурди ва шодон акиллаш билан эркаланди, бу билан гўё онаси Арапкани бўри билан ўйнашга чорлагандек бўлди.

Тонг ёриша бошлаган, она бўри ўзининг қалин ўрмонига етиб келганда, бу ердаги ҳар бир дарахт кўзга равшан ташланиб турар, қарқурлар уйғонган, қоматдор хўрозлар қичқиришни бошлаган, кучук эса эҳтиётсизлик билан акиллаганча ирғишлаб келарди.

“Нега у ортимдан келяпти? – ўйлади она бўри жаҳли чиқиб. – Балки ямлаб ютишимни истаётгандир?”

У болалари билан чуқур бўлмаган ўрада яшарди; уч йил аввал кучли бўрон вақтида катта қарағай дарахти илдизи билан қўпорилиб тушган, ундан мана шу ўйиқ ҳосил бўлганди. Ҳозир эса бу ўрада эски хазонлар ва ажриқлар, ундан ташқари бўриваччалар ўйнайдиган суяклар ва буқа шохлари уйилиб турарди. Бир-бирига жуда ўхшаб кетадиган бўри болалари аллақачон уйқудан кўз очиб ўралари ёнида тизилиб туришарди, улар оналарининг келаётганини кўриб думларини ликиллата бошлади. Бўриваччаларни кўрган кучукча тўхтаб қолди ва уларга узоқ тикилди; шу асно бўричалар ҳам ўзига тикилиб турганини пайқади, кейин бегоналарга қараб ҳургандек вовуллади.

Кун ёришиб тепага кўтарилган қуёш нурлари қор уюмларида товланарди. Кучук эса ҳамон узоқроқда туриб ҳурарди. Бўри болалари оналарининг ориқ қорнини пайпаслаб кўкрак эмишар, бўри она бўлса оппоқ ва қуп-қуруқ от суягини ғажир, унга очлик азоб берарди, болаларининг чи­йиллашидан боши оғриб кетган, кутилмаган меҳмонга ташланиб бир зумда уни ғажиб ташлашни истарди.

Ниҳоят, кучукча толиқиб хириллади ва кўрдики, унинг қўрқишига сабаб йўқ, ҳатто унга эътибор ҳам беришмаяпти, шунинг учун у секинлик билан тирғалиб, ирғишлаб бўриларга яқинлашди. Ҳозир кун ёруғлигида уни бемалол томоша қилиш мумкин эди. Кучукнинг оқ қаншари каттагина эди, пешонаси дўнг бўлиб, одатда бу тузилиш эсипаст итларга хос эди; кўзлари кичкина, мовий ва нурсиз, тумшуғининг кўриниши бўлса фавқулодда тентакнамо эди. У бўрилар сари қадам ташларкан, пахмоқ панжаларини ерга босиб устига тумшуғини қўйди ва ингиллади:

– Мня, мня… нга нга нга!…

Бўрилар ҳеч нимани тушунишмади, лекин думларини ликиллатишди. Шунда кучукча катта бошини бўри боласига қараб урди. Ўз навбатида бўривачча ҳам панжаси билан унга туширди. Кучукча ёнбоши билан қараганча уни зимдан кузатиб, думини силкитди, сўнг бирдан турган жойида бир неча марта доира бўлиб айланди. Она бўри уни ҳайдади, кучукча орқаси билан йиқилиб тушди ва тепага панжасини кўтарганда уч бўривачча унинг устига отилишди, қувончдан ҳазиллашиб кучукчани тишлай бошлашди, аммо бу оғриқли эмасди. Баланд қарағайга қўниб олган қарғалар уларнинг олишувини кузатар ва безов­таланишарди. Шодон шовқин эшитиларди. Қуёш баҳорий нур сочар; қарағайларга учиб-қўниб юрган товуқларнинг бари ёппасига қуёш нури остида зумраддек товланарди.

Одатда, она бўри болаларини ов қилишга ўргатади, ўлжани тутиш учун ўйин қилади; ҳозир ҳам бўриваччаларнинг кучук ортидан қувишларини ва олишувларини кўриб ўйлади: “Майли, ўргана қолишсин”.

Ўйнаб чарчаган бўри болалари ўрага кириб ухлашга чўзилдилар. Кучукча ҳам бироз очиқди ва қуёшда тобланиб ерга чўзилди. Уйғонгач улар яна ўйнадилар.

Кун бўйи ва оқшомда ҳам она бўри ўтган тунда молхонада маъраган қўзичоқ ва қўй сути исини эслаб, иштаҳаси очилар ва тишларини ғижирлатиб, очкўзлик билан қоқ суякни шимар, гўёки уни барра қўзига қиёсларди. Бўричалар онасини эмишди, кучук бола ҳам оч қолиб айлана бошлади ва қорни искади.

“Уни еб қўйсамми…” қарор қилди она бўри.

Бўри унга яқинлашди, кучук бола эса унинг тумшуғини ялади, ўзи билан ўйнамоқчи деб ўйлади, чоғи. Бир вақтлар у итларни ҳам ерди, аммо бу кучукчадан бола ҳиди келар, она бўри заифлигидан бу исга тоқат қилолмади; ўз-ўзига қарши чиқиб, кучукдан узоқлашди…

3

Тунда совуқ тушди. Кучук уйини соғинди шекилли, кетиб қолди.

Бўриваччалар қаттиқ уйқуга кетишгач, она бўри яна овга отланди. Кечагидек у арзимас шовқиндан ҳам ваҳимага тушар, кўпиклар, ўтинлар, қора яккам-дуккам арча буталарини одам деб ўйлаб чўчирди. У йўл четидан чопиб борарди. Бирдан қаршисида қандайдир қора шарпа кўринди. У кўриш ва эшитиш сезгиларини фаоллаштирди: нимадир тўғрига қараб юриб кетар, ҳатто бир текис қадам товушлари эшитиларди. Бўрсиқмикан? Бўри эҳтиёткорлик билан секин нафас олганча ўзини четга олди, қора шарпани айланиб ўтди, сўнг шарпага яхшилаб разм солди ва уни таниди. Секин юриб кетаётган оқ қаншарли кучук қишловга қайтаётган эди.

“У яна менга халал бермасайди”, ўйлади она бўри ва тезда ундан ўзиб кетди.

Қишловга яқин қолди. Бўри молхонага яна қор уюми устидан ошиб тушди. Кечаги ўра янгидан ёпилган, томда эса иккита янги ёғоч пайдо бўлганди. Бўри оёқлари ва тумшуғи билан тез ҳаракат қилар, кучук келмаяптими, деб ортига алангларди, бирдан илиқ буғ ва ўғитнинг иси келди, ортидан эса қувончли акиллаш эшитилди. Кучук етиб келибди. У бўрига эргашиб томга чиқди, сўнг ўрага тушди, ўзини иссиқ уйда ҳис этиб, қўйларни таниди ва янада кучли вовуллади… Арапка уйғониб омбордан чиқди ва бўри исини пайқаб акиллади, товуқлар қағиллади, зинапояда Игнат қўлида бир ствалли милтиғи билан кўринганда эса она бўри аллақачон қишловдан узоқлашганди.

– Қочди! – ҳуштак чалди Игнат. – Қочди! Уларнинг ортидан қув!

Шундай деб у ўқ жойлади, аммо милтиқ отилмади; яна ўқлади, тағин отилмади; учинчи марта уринди ва бир даста ўқ стволдан отилиб қулоқни қоматга келтирди: “бу-бу!“ Елкаси қақшаб, бир қўлида милтиқ, иккинчисида болтани олиб, нимадан шовқин солинганини билиш учун молхонага кирди… Бироздан сўнг кулбасига қайтди.

– Нима гап? – хирилдоқ овозда сўради бир кеча унинг уйида тунаш­га қолган мусофир шовқиндан уйғониб.

– Ҳеч гап… – жавоб берди Игнат. – Арзимас нарса. Оқ қаншаримиз қўй-қўзилар билан иссиққина ухлашга азм қилибди. Аммо, тушунмадим, нега эшикдан эмас, томдан ошиб тушди экан. Ўтган кеча томни бузиб сайрга чиқиб кетганди, ярамас, ҳозир эса қайтибди ва яна томни бузибди.

– Аҳмоқ.

– Ҳа, калласининг пружинаси чўзилиб кетган. Тентакларни ўлгудек жиним суймайди! – енгил нафас олди Игнат печга яқинлашиб. – Ҳай, ҳурматли меҳмон, барвақт туриш керак, ёппасига ухладик… тезда!

Эрталаб эса у ёнига оқ қаншарни чорлади, қулоғини оғритиб буради, кейин хивчинлади ва буюрди:

– Эшикдан кир! Эшикдан кир! Эшикдан кир!

Инглиз тилидан Нодирабегим Иброҳимова таржимаси.