Нарпайда термопластинкали елим ишлаб чиқарилмоқда

30 июнь Ёшлар куни. Бундан 3 йил аввал бу байрамнинг эълон қилиниши ўзбек йигит-қизлари қалбига қувонч бағишлаш билан бир қаторда, улар зиммаларига масъулият ҳам юклади. Кейинги йилларда ҳар бир ёш бу байрамни муваффақиятлар билан муносиб кутиб олиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Жумладан нарпайлик ёшлар ҳам.

- Туманимиз ёшлари бу йилги байрамни улкан ютуқлар билан қарши олмоқда, - дейди туман ҳокими ўринбосари Асқаржон Рустамов. – 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларини 2973 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, уларнинг 16 нафари олтин ва 4 нафари кумуш медаллари насиб этди. Қолаверса, ўтган бир йил давомида туманимиз спортчи ёшлари республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиб 27 та олтин, 38 та кумуш ва 19 та бронза медалларини қўлга киритди. Шунингдек, “Yoshlar - kelajagimiz” давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ўтган 2019 йилда 16 та лойиҳани амалга ошириш учун 5 миллиард 332 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди ва 121 та янги иш ўринлари яратилди.

Ўтган йили ёш тадбиркор Фаёзжон Шерқуловга тумандаги кичик саноат зонаси ҳудудидан 40 сотих ер ажратилди. Ёш тадбиркор бу ерда 560 миллион сўмлик лойиҳани амалга оширди. У термопластинкали елим ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, 6 та янги иш ўрни яратди.

- Лойиҳани ишга тушириш учун ўз маблағим етарли бўлмаганлиги сабабли “Yoshlar - kelajagimiz” жамғармасидан 250 миллион сўмлик имтиёзли кредит олдим, - дейди цех иш юритувчиси Фаррух Эрдонов. - Хитойдан цех учун зарур бўлган ускуналарни келтириб ўрнатдик. Бир кунда 400 килограм елим ишлаб чиқариш қувватига эга бу цехда тайёрланаётган маҳсулотларимиз, асосан, вилоятимизнинг айрим туманларигагина сотилмоқда. Бу маҳсулотга бўлган эҳтиёж катта эканлигини инобатга олиб, Хитойдан яна бир ускуна олиб келишни режалаштирганмиз. 

Нарпайда ёш тадбиркорлар сафи кенгайиб бормоқда. “Yoshlar - kelajagimiz” давлат дастури асосида жорий йилда 1 миллиард 970 миллион сўмлик 7 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шу пайтга қадар 790 миллион сўмлик 3 та лойиҳа ишга тушди ва 39 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.