Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Невара: Худобобо, карановирусни ўлдир. Дадам билан ойим бизни истироҳат боғига олиб боришсин!

Яратган Эгам учта қизимдан етти невара берган – беш ўғил, икки қиз. Фақат неварам Темурбекка қариндош, деб мурожаат қиламан. Ҳақиқатан у менга қондош. Кенжа қизимнинг бўйи етиб, совчилар тинчлик бермаганидан сўнг раҳматли отамга амаки бўлган қариндошимизнинг менга ҳамтенг бўлган неварасини қудаликка танлаганман. Унинг ўғли ва менинг қизим ака-уканинг невараларига фарзандлар бўлиб, ёшлар учинчи авлодга тааллуқли бўлгани учун тиббиётнинг яқин қариндошлар ўзаро оила қуриши тавсия этилмайди, деган йўриғига мос тушмаганди ва шундан кейин ҳеч бир хавотирсиз қуда бўлгандик. Қизимни ўзим туғилиб ўсган қишлоққа узатишим билан қариндошчилик ришталари янада маҳкамроқ боғланди, ота авлодим билан борди-келди кўпайди.

Кенжа қизим иккинчи фарзандли бўлганидан сўнг унга қарашиш учун онасини ҳафта-ўн кунда қишлоққа олиб борардим ва кўпинча хотиним Темурбекни ўзи билан олиб қайтарди.

- Укасига тинчлик бермайди. Бир қарасангиз сутини ичиб қўйган, бир қарасангиз бешикни йиқитган. Олиб келдим, бир-икки кун турсин, кейин дадаси олиб кетади.

Хотинимнинг ҳадиксираб айтган гапига эътибор бермайман. Аксинча, бизнинг қариндошни эргаштириб келганига хурсанд бўламан.

- Қариндош қандай, - дейман энгашганча ийманиб турган неварани ўзимга тортиб.

- Яхши, - дейди у ва катталар қучоқлашиб кўришгани каби. Бир-биримизни бағримизга босиб, елкаларимизни қоқиб қўямиз. Шундай кўршишни унга ўргатганман ва бу ишни меҳр ва иштиёқ билан бажарганидан кўнглим чексиз ҳузур туяди.

Хотиним уни огоҳлантиргани бежиз эмас. Икки катта қизим мактабга қатнай бошлаган. Болалари билан дам олиш кунлари бизни йўқлаб келишса, уй “Сиёб бозори”га айланади. Уларнинг қий-чувидан хонамда ўтиролмай қоламан. Чиқиб тартибга чақираман, танбеҳ бераман. Бир неча сония уй сукутга чўккандек бўлади, кейин яна ўша шовқин-сўрон. Кўникмасдан илож йўқ, гапириш бефойда.

Пенсияга чиққанимдан сўнг Темурбекни ўзим олиб келадиган бўлдим. Унингсиз уй ҳуввилаб қолганга ўхшарди, зерикардик. Унинг бир жойда тура олмаслиги, тиним билмай гапириши хаёлда жонланиб, юракни энтиктирувчи соғинч уйғотарди бизда. Эр-хотин мутолаага ўч бўлсак ҳам ўзимизни китоблар билан уч-тўрт кундан зиёдга овутолмасдик. Қизимнинг ойиси билан телефонлашганидан неварамизнинг ҳам бизни қумсаётгани маълум бўларди. У мендан ҳам кўра, бувисига жуда ўрганиб қолганини сезардим. Бизга талпинишининг асосий сабаби унинг эркалигини кўтаришимизда эди.

Галдаги олиб келганимнинг иккинчи куни карантин эълон қилинди. Пандемия шунчалар хатарли эдики, одамларга заруратсиз кўчага чиқмаслик талаби қўйилди. Уйга қамалиб қолдик.

Кунлик ҳолатдан воқиф бўлиш мақсадида эътиборимиз телехабарларда бўлар, вазиятнинг оғирлиги ҳатто беш ёшни эндигина қаршилаган неварамга ҳам таъсир қилгани яққол кўзга ташланарди. Кечки овқатдан кейин баҳорнинг салқин ҳавосида бир соат кўча айланиш одатимизнинг биринчи кунлар эсимизга солган бўлса, бувиси аҳволни тушунтирган бўлса керак, кейин бу ҳақда оғиз очмади. Бир неча кун ўтиб эса ўша сайрларни эслаб, бизни юпатадиган бўлди.

-  Коронавирос ўлса, кейин яна кўча айланишга чиқамиз, хўпми бобо.

-  Албатта, қариндош.

Гап билан бошини қотиргани учун бувиси олдимга юборгани аниқ, баъзан хонамга келиб, қандай китоб ўқиганимни сўраб қолади. Айтаман, диққат билан эшитади. Кейин жавондаги китоблардан бирини олиб, ўқишга тутинади. Унинг ўзига хос хислати, овоз чиқариб ўқишида. Кулгим келади. Ҳарфни билмаганнинг ўқиши қизиқ-да. Лекин равон ўқиди. Эртак бўлса керак, қандайдир ҳайвонларнинг номлари янграйди тилида. Йўқ, ҳозирги замонга ўхшайди. Оилавий бўлиб истироҳат боғига борганлари, ҳалинчакка учгани ҳақидаги сўзлар. Кейинги тафсилот холаларининг болалари билан бўлган суҳбатларга кўчди.

-  Қандай китоб ўқияпсан, - дейман ўзимни кулгидан базур сақлаб.

-  Зўр китоб.

Китобни қандай ўқигани ҳақида бувисига гапириб берарканман, болани ҳарфга ўргатиш кераклигини ҳам айтдим ва кўнглини кўтариш учун хотинларнинг асаби эркакларникига нисбатан кучли эканини таъкидлаб, бу ишни унга топширдим.

Темурбек хонамга кириб, “А” ҳарфини ўрганганини, у қандай ёзилишини кўрсатди. Дафтарда бувиси намуна сифатида кўрсатган “А” ҳарф ва ёнида ўзи давом эттирган бир неча қатор “А”лар ёзилганди. Албатта, бу ҳарфни “А” деб бўлмасди. Лекин бошланиши ёмон эмас, деб уни мақтадим. У машқини давом эттириш учун чиқиб кетди. Бир оз ўтиб янги ёзганларини намойиш этиш учун келди. Тажриба, маҳоратни ошириш керак эди, акси бўлибди. Кўпроқ машқ қилишини айтиб чиқариб юбордим. Анча вақт кўринмай қолди. Кўзимга дам бериш учун ошхонага чиқдим. Бувиси овқатга уннар, невара хонтахтага дафтарни қўйиб, ёзиш билан овора эди. Эътибор берсам, расм чизяпти. Хаёлимдан бошланғич синф ўқитувчиларига осон эмаслиги ўтди. 30-40 болага ҳарф ўргатишнинг ўзи бўладими.

Темурбек дафтардан бошини кўтарди.

-  Қани, мусаввир, асарингизни кўрсатингчи.

Дафтар саҳифасида беўхшов бўлса ҳам одамлар шакли чизилган, ёнма-ён турган икки киши, бу дадаси билан ойиси бўлса керак. Улар бири кичик, иккинчиси катта боланинг қўлидан тутишган, демак ўзи билан укаси. Саҳифанинг остки қисмида яна бир одам шакли, лекин  ётган ҳолати чизилган.

- Ўхшатибсан, - дейман уни мақтаб. - Бу даданг ва ойинг. Буниси сен ва уканг. Қўлларингда нима ушлаган сизлар.

- Бу пичоқ, - дейди у расмдаги одамнинг тана шаклидан чиққан чизиққа уланган яна бир кичик чизиқчани кўрсатиб.

- Дадангнинг пичоғи узунроқ экан.

- Дадамнинг қўлларида қилич-ку.

- Сенда учта пичоқми?

- Автомат бу.

- Ётган одамни кўзини ручкани босиб чизибсан. Тешилибди.

- Ручка тешмаган. Автомат билан кўзига отганман. У ўлган.

Сергак тортдим. Ёшгина боланинг, ҳали эсини танимай туриб,  кимнидир ўлдирганини тасвирлаши ваҳима уйғотганди менда.

-  Ким бу?

-  Коронавирус-ку. Танимадингизми?

Бирдан таъсирландим. Ўлиб ётган нусха бадбашара бўлиб, бошидаги сочлари пахмоқ қилиб чизилганди. Даҳшатли вирус фақат катталарнинг эмас, болаларнинг ҳам нафратига учраганини ҳис этдим.

-  Залга ўтинглар. Ифтор яқинлашяпти, дастурхон тузай.

Ифторлик дуосини ўқиб, бир қултумдан сув ичиб, бир дона хурмо билан оғизни очиб, таомларга қўл узатдик. Дастурхонда турли егуликлар қўйилганди. Тинч ва фаравон ҳаётда яшаётганимизни яна бир бор хаёлимдан ўтказиб, Яратганга шукроналар келтирдим.

Ифторликни тугатиб, оминга қўл очдим ва барчанинг танасига соғлик, ишларига барака тиладим. Халқимиз, давлатимиз омон бўлсин!

-  Бобо, мен ҳам омин айтаман, - деди қўлини дуога очган неварам.

-  Ўқи, - тўғриси, ундан бандай гап чиқишини кутмагандим.

- Эй Худобобо! Тезроқ карановирусни ўлдир. Одамлар яна кўчага чиқишсин. Дадам билан ойим укам билан мени истироҳат боғига олиб боришсин. Музқаймоқлар ейлик. Омин, Аллоҳу Акбар.

Юзимга босган қўлларимни бир лаҳза олмай турдим. Кўзимдан оққан ёшларни негадир неварам кўришини истамадим.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.