Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оқдарё иссиқхоналарида етиштирилган 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида аҳоли томонидан 16 мингдан ортиқ иссиқхона ташкил этилиб, йилнинг барча фаслида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилмоқда. Тадбиркорлар томонидан барпо этилган 128 та йирик, замонавий иссиқхоналарнинг 111 тасида гидропоника усулидан фойдаланилади. Жорий йилда ушбу хўжаликларда 9 минг 300 тонна помидор, бодринг ва бошқа сабзавот маҳсулотлари, цитрус мевалар етиштирилиши, маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга чиқарилиши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифида берган топшириғига биноан Оқдарё туманида Корея, Туркия, Хитой технологиялари асосидаги замонавий иссиқхоналар комплексини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Айни пайтда туманда 54 та ана шундай объектларнинг фаолияти йўлга қўйилди.

Жорий йилда Россия ва кореялик ҳамкорларнинг 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияси, 30 миллиард сўмлик банк кредити, ташаббускорларнинг 20 миллиард сўмлик маблағи эвазига яна 21 та замонавий иссиқхона комплекслари қурилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга тушгач, 160 та янги иш ўринлари яратилади.

Тумандаги “Даромад Бахт Омад” масъулияти чекланган жамиятининг гидропоника усулидаги 4 гектарлик иссиқхонасида етиштирилаётган помидор, булғор қалампири ва бодрингнинг асосий харидорлари хорижда. Бу йил ҳам жамият аъзолари 260 тоннадан ортиқ маҳсулотни Россия ва Қозоғистонга экспорт қилишни мўлжаллаган. Умуман, тумандаги иссиқхона комплекслари томонидан жорий йилда 3 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши кутилмоқда.

Абдували ХУДОЁРОВАгросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясиСамарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори.