Самарқандда қанча иссиқхона бор?
Вилоятимизда умумий майдони 466 гектар бўлган 326 та иссиқхона мавжуд ва шундан 292 таси фаолият юритади.
Иссиқхоналарнинг 12 тасида экинлар гидропоника усулида, 280 тасида эса тупроқда парваришланади. Иссиқхоналарнинг 225 гектарига помидор, 115 гектарига бодринг, 13 гектарга аччиқ ва ширин қалампир, 4 гектарда гулчилик, 1 гектарга уруғлик картошка, 23 гектарга цитрус, 21 гектарга лимон, 2 гектарда қулупнай, 83 гектарга гулкарам, броколли ва айсберг (карамлари), 2 гектарга ноанъанавий сабзавот экинлари, 87 гектарга салат барги, 2 гектарга кўкатлар жойлаштирилган.
Томорқадан унумли фойдаланиш, ўсимликлардан мўл ҳосил етиштиришда маҳаллабай ишлаш тизимининг ўрни муҳим. Шу боис, бу тизим самарадорлигини ошириш, фуқаролар муаммоларини аниқлаш, уларга яқиндан кўмаклашиш мақсадида фитосанитар давлат инспекторлари бириктирилган.
- Бугун олдимизга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли етиштиришда кўмак бериш ва унинг экспортборлигини ошириш, далалардаги даромад манбаларини турли хил зараркунанда ва ҳашаротлардан ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш вазифаси турибди, – дейди вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Нарпай туман бўлими инспектори Жонибек Эрназаров. - Бу борада жорий йилда ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб боришни режалаштириб олганмиз. Бунда дастлаб, туманларга бириктирилган инспекторлар томонидан ҳар бир маҳалла ҳолати ўрганилиб, хонадон ва ер эгалари билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Хонадонлардаги иссиқхоналар ўрганилиб, соҳамизга оид камчилик, муаммо аниқланса, бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати.