Иссиқхоналарга табиий газ бериладими?
Иссиқхоналардаги экинлар энди ҳосилга кирганда иссиқлик манбаидан узиб қўйилса, нима бўлади? Қилган барча харажатларингиз осмонга учади. Ўтган йилларда Самарқанддаги кўп ҳудудларда шундай ҳолат кузатилган эди. Бу йил-чи? Вилоятда вазият қандай?
«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиалидан олинган маълумотларга кўра, вилоятимиздаги 133 та иссиқхона шу пайтгача аҳоли ёқаётган газ тармоқларига уланган эди. Иссиқхоналарда кўп газ ёқилиши туфайли хонадонларга борадиган табиий газ камайиб, аҳолининг норозилигига сабаб бўларди. Жорий йилдан бу тартибга ўзгартириш киритилди.
- Вазирлар Маҳкамасининг «Иссиқхона хўжаликлари ва мева-сабзавотларни экспорт қилувчи корхоналарнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, кўмирга ўтказилиши керак бўлган иссиқхоналарга куз-қиш мавсумида табиий газ маълум бир талаблар асосида етказиб берилади, - дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали бош муҳандиси Ваҳоб Ҳалимов. – Бунинг учун иссиқхоналарнинг газ ҳисоблагичлари табиий газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган бўлиши, табиий газдан юзага келган дебитор қарздорлигини сўндириши ҳамда табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан тўлаши лозим бўлади. Шунингдек, фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, иссиқхонада етарли миқдорда муқобил энергия захираси мавжуд бўлиши шарт.
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси вилоят бўлими, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали ва вилоят прокуратураси бир ой муддатда иссиқхона хўжаликларининг газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланганини назорат қилади ва уланмаган иссиқхона хўжаликлари «Инсофсиз истеъмолчилар рўйхати»га киритилган ҳолда уларга газ етказиб бериш бўйича шартномалар бекор қилинади.
- Бугунги кунда иссиқхоналарнинг табиий газдан 9,5 миллиард сўм миқдорида қарзи бор. - дейди В.Ҳалимов. – Шунинг учун вилоят ҳокимлиги ҳамда иссиқхона хўжаликлари ўртасида келишувлар тузиш амалиёти жорий этилади. Келишувларда ҳар бир иссиқхона хўжалигининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, унга етказиб бериладиган табиий газ ҳажмлари аниқ кўрсатилади ва хўжаликлар 30 фоиз олдиндан тўловни амалга оширади. Ҳозиргача 50 та иссиқхона раҳбари билан табиий газ таъминоти бўйича шартномалар тузилди.
Табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиладиган иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан рағбатлантириш мақсадида 2023 йил 1 ноябридан иссиқхона хўжаликларининг кўмир қозони харид қилиш харажатларининг 20 фоизи Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Шунингдек, тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларига кўмир сақлаш омборларини қуриш учун 3 йил муддатга 1 йиллик, ёқилғи сотиб олиш учун 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёз даври билан кредитлар берилади. Бундан ташқари, кредит олиб, иссиқхона хўжалигини ташкил қилган ҳар бир тадбиркорнинг молиявий аҳволини инобатга олган ҳолда, уларнинг кредитларини қайтариш муддатлари узайтирилади.
Иссиқхоналарни тежамкор энергия, қуёш панеллари ёрдамида иситиш кам харажатлилиги билан бир қаторда, иссиқликни минимал ҳолатда ушлаб туриш имкониятини ҳам яратади. Улардан фойдаланиш ҳам бугун ҳар қачонгидан муҳим.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.