Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбек, рус, тожик тилларида бир хилда ижод қиларди

Суратлардан бири 1972 йилда Нурота яйловларида олинган. Самарқанд вилояти партия қўмитаси ходими Ҳожиқурбон Ҳамидов, «Қишлоқ ҳаёти» газетаси мухбири Нусрат Раҳмат ва Нурота тумани партия қўмитаси бўлим мудири Болтабой Мамарасулов ёзилажак материални муҳокама қилишяпти.

Ҳожиқурбон ака 1975 йил 7 май куни Каттақўрғондаги байрам тадбирларида қатнашиб қайтаётганда автоҳалокатдан ҳалок бўлди. Эртасига у кишини Шоҳи Зиндага дафн этдик.

Самарқанднинг Боғимайдонида ўсиб-улғайган Ҳ.Ҳамидов 1959 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатиб, «Ўзбекистони сурх» (ҳозирги «Овози тожик») газетасида иш бошлаган.

1961-1969 йилларда «Зарафшон» (собиқ «Ленин йўли») газетасида мухбир ва бўлим мудири бўлди. Бир муддат вилоят партия қўмитасида ишлагач, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига раҳбар этиб тайинланди. «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони олди.

Ҳ.Ҳамидов Садриддин Айний ҳовлисини уй-музейига айлантириш ташаббуси ва жонкуярларидан бири эди.

Ҳожиқурбон аканинг публицистик мақола ва фельетонлари собиқ иттифоқ, мамлакат ва вилоятдаги барча нашрларда чоп этилар, устоз ўзбек, рус, тожик тилларида бир хилда ижод қиларди. У кишининг давралардаги мароқли суҳбатларига, шижоати ва ғайратига, ижодий топқирлигига кўпчилик ҳавас қиларди.

Бугун ўғли Далер падари бузрукворининг маърифий ишларини давом эттираётгани қувончлидир.

Устознинг жойлари жаннатдан бўлсин!

Фармон ТОШЕВ.