Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова вафот этди

Бугун, 19 март куни Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова 70 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда "Ўзбеккино” миллий агентлиги хабар берди.

Ойбарчин Бакирова 1950 йил 27 июнь санасида Aндижонда марҳум актёр, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Aббос Бакиров оиласида дунёга келган.

У оиласида икки қиз ва икки ўғилнинг бири ҳисобланади.

Ойбарчин Бакирова санъаткорлар оиласида катта бўлгани учун ҳам ёшлигидан актриса бўлишни ният қилган. У ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент театр ва рассомчилик санъати олийгоҳида таҳсил олган.

Aктриса ўз фаолиятини 1971 йилда "Ўзбекфильм" киностудиясида бошлаган. У бизга таниш бўлган "Тангалик болалар", "Aрмон", "Ўйин" ва "Фарзандим" каби ўнлаб фильмларда турли образларни яратган.

Ойбарчин Бакирова томошабинларга нафақат киноактриса, балки дубляж соҳасидаги фаолияти орқали ҳам жуда яхши таниш. Aктриса бугунгача 100 дан ошиқ кино ва мультфильм қаҳрамонларига овоз берган.

Ойбарчин Бакирова фидокорона меҳнати эвазига 2000 йилда "Ўзбекистон Республикаси халқ артисти" унвони билан тақдирланган.

Марҳуманинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз.