Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ўзбеккино” миллий агентлигига янги директор тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорига биноан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухолиқов “Ўзбеккино” миллий агентлиги директори этиб тайинланди.

Фирдавс Абдухолиқов айни пайтга қадар бир қатор ҳужжатли фильмларга продюсерлик қилган. Унинг раҳбарлигида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан, Россия телеканаллари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – қумликлар жавоҳири”, “Қорақалпоғистон вақт қумликлари оралаб”, “Ўзбекистон. Қўлга киритилган кашфиётлар”,  “Нукус. Номаълум коллекция” сингари ҳужжатли фильмлар суратга олинган.

Шунингдек, Фирдавс Абдухолиқов BBC, EURONEWS, CNBC  ва бошқа бир қатор хорижий компаниялар билан биргаликда кўплаб медиалойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Яқинда эфирга узатилган  «Катта Лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар» ҳужжатли фильми шулар жумласидан.

Жорий йилнинг августь ойида «Россия-Культура» телеканалида  “Ўзбекистон. Севги ҳақида афсоналар” ҳужжатли фильми намойиш қилинди.

Фирдавс Абдухолиқов 2018 йилда Санкт-Петербургда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида ўтказилган II Халқаро конгрессда 300 дан ортиқ жаҳон олимлари ташаббуси билан тузилган Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг раиси ҳисобланади.