Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбеклар жасорати ва матонатини акс эттирган фильм

Кеча соат 19:40 да юртимизнинг 11 та давлат ва нодавлат телеканалларида «Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган “Илҳақ” бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди.

Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ реал воқеалар асосида ишлаган картинасини таъсирланмасдан, ҳаяжонланмасдан кўрган одам бўлмаса керак. Муҳими, мазкур бадиий фильм бир вақтнинг ўзида 10-15 миллион кишини (балки ундан ҳам кўпроқдир) бир хил ҳаяжон, ҳиссиёт билан телеэкран қаршисига михлади. Фильм тугагач, ижтимоий тармоқларда кино мухлисларининг минглаб муносабатлари, постлари ўрин олди. Қуйида уларнинг айримлари билан танишасиз.

Эркин Исматов:

- «Илҳақ»ни зўр ишлашибди. Актёрлар ҳам ўз ролларига профессионаллик, маҳорат билан ёндашган. Дурдона фильм. Бундай фильмлар, албатта, керак. Болаларимиз кўрсин фақат фильмлардан, ўқисин фақат китоблардан, эшитсин фақат боболардан. Аммо ҳеч қачон иштирокчиси бўлмасин, бўлмайлик. Яширмайман, кинони кўриб кўзим ёшланди. Айниқса, кенжа ўғилнинг акалари ва уларнинг оиласини ўйлаб, урушга бормоқчи бўлгани, келинлари қайнонасининг рухсатига қарамай уйда қолиши, рус кишисининг фильм охирида «Ўзбекмисан, кел бир бағримга босай!» дейишидан титраб кетдим.

Назокат Холметова:

- Зулфия она образи ва ногирон почтачи бола жуда яхши очиб берилган. Онанинг келинлар олдида сир бермай, дарёга бориб йиғлаши орқали ҳақиқий ўзбек аёлининг сабр-бардоши кўрсатиб берилган.

Белига белбоғ боғлаган келинлар, умуман, белбоғ яхши топилма бўлибди.

Мелисни кўра туриб, «Уфқ» романидаги Турсунбойни яна бир бор кўргандай бўлдим.

Зулфия Ҳалимова:

- Юракни жунбушга келтирадиган кино бўлибди. Охиригача кўзимда ёш билан кўрдим. Тинчликнинг қадрига етиш учун бундай юксак савияли киноларни кўпроқ тайёрлаш керак.

Сурайё Қодирова:

- Ва ниҳоят яна ўзбек киносида йиллар синовига дош берадиган, "Суюнчи", "Маҳаллада дув-дув гап",  "Келинлар қўзғолони" каби кино яратилибди. Офарин, бўларкан-ку! Ўша давр руҳини бера олишган. Ажойиб! Бизнинг киноматографлар маҳорати, имконияти чет элникидан кам эмас. Рақобатбардош кино бўлибди.

  - “Илҳақ” ҳамма илҳақ бўлиб кутганига арзийдиган кино бўлибди, - деб ёзади @xolisfikr. - Жуда қисқа вақт ичида сифатли картина яратилган. Хўп, фильмнинг ютуқлари нимада?

Воқеалар ишонарли, муҳит табиий, ижро маҳорати юқори. Унинг дастлабки кадрлариданоқ, фильм ичига кириб кетасиз. Қаҳрамонлар дарди сизники бўлиб қолади. Уларга қўшилиб қувонасиз, қайғурасиз. Чунки сценарий ортиқча бўёқлар, қизил гаплардан холи, актёрлар ижросида сунъийлик сезмайсиз, рассом уруш йилларини либослардан тортиб, саҳналаргача жонлантириб қўйган, мусиқа таъсирчанликни янада оширган.

Мушфиқ она ва унинг тўрт келини образлари иродаси метиндек мустаҳкам ўзбек аёлларининг чинакам қиёфасини очиб берган. Улар бошига шунча дард-ситам тушган бўлишига қарамай, уввос солиб йиғламайди. Сочини ёйиб, айюҳаннос қилмайди, юзлари тимдалаб бўкирмайди ҳам. Ич-ичидан йиғлайди.

Уруш саҳналари ҳам ишонарли. Қурол-аслаҳаларни ишлатиш, ўқ ёмғирлари ёғдирилиши, аскарларнинг жон таслим қилиши — буларнинг бари уруш даҳшатларини кўз олдингизга тўлақонли гавдалантирган.

Фильмда жузъий камчиликлар ҳам учрайди, албатта. Масалан, воқеалар ривожи, хусусан, жанг саҳналарида фашистларнинг қўли баландлиги сезилиб турибди. Уларни енгаётганимиз, ғалабага яқин қолинганига ҳеч қандай ишора йўқ. Кичик ўғил Юсуфжоннинг ҳокини олиб келиш учун қўшилган саҳналар, менимча, ортиқча. Фильм мантиқан ғалаба эълон қилиниб, қайнона келинларини ёнига олганида тугаган.

Юсуфжоннинг севгилисининг эсидан оғиб қолиш саҳнаси очиб берилмаган. Вазият етилтира олинмагани важидан ижро ҳам кўнгилдагидек эмас. Урушга кетиш иштиёқида юрган раис ўғлининг қочиб қочиб қолиши ҳам ғалати. Хотин-халажнинг этак тақиб, фақат олмазорда юриши эса нотабиий. Афтидан, пахтазор топишолмаган...

Хуллас, “Илҳақ” нафақат уруш ҳақида ҳикоя қилувчи, балки ўзбек миллатининг матонати, иродаси ва қаҳрамонлиги ҳақида куйловчи ажойиб фильм. Бу ўзбек кино ижодкорларининг ютуғи.

А.Бўриев тайёрлади.