Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пахта-2020: Пахтачида шартнома режасини 10 фоизга орттириб бажарган фермерларга 10 миллион сўмдан нақд пул берилмоқда

Пахтачи тумани пахтакорлари жорий йилда 8195 гектар майдонда ғўза парваришлаб, 25 минг тоннадан ортиқ пахта териб олди. Туманда кўп йилдан буён ҳосилдорлик бу йилгичалик бўлмаганди. Хўш, жорий йилда ниманинг ҳисобига бу қадар юқори ҳосилдорлик кузатилди?

- Бу, аввало, янги тизим, янгича ёндашув билан боғлиқ, - дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ғолиб Абсамов. – Яъни, кластер тизими ўзининг самарасини яққол кўрсатди. Янги тизим ва янги корхонада ўғит, агротехник тадбирларни керакли вақтида ўтказиш, ишлов муддатларига тўла риоя қилиниши ва албатта меҳнатга ҳақ тўлаш, юқори манфаатдорлик ушбу муваффақият омили бўлди.

- Пахтачилик соҳасида кластер тизими аввалгисидан қанчалик афзал?  

- Бу тизимда етиштирилаётган маҳсулотнинг эгаси аниқ. Шундай бўлгач, фермер ҳам, харидор ҳам манфаатни биринчи ўринга қўяди. Чунки қанча самарали меҳнат қилса эртага даромади меҳнатига яраша бўлишини яхши билади. Қолаверса, меҳнатга ва маҳсулотга ҳақ тўлашда ҳам кластер тизими ҳар томонлама қулай. Шу боис, туманимизда иккита кластер корхонаси ташкил этилиб, уларга фермер хўжаликлари бириктириб берилди. Мисол учун, “Пахтачи кластер” масъулияти чекланган жамиятига 548 гектар ер майдони ажратилди ва 217 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 6460 гектар майдон бириктирилди. Давлат таъминотидан кўра кластер корхонасида ғўзани ўғитлаш, ишлов бериш, барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ўтказиш имконияти яратилди. Терим ишлари тўғри ташкил этилгани туфайли туманимиз пахтакорлари 28 иш кунида шартномада белгиланган ҳосилни йиғиб-териб олди. Ҳосилдорлик гектарига 40-41 центнергача ошди.

- Бу тизимда фермер хўжаликларининг манфаатдорлиги қандай?

- Хўжаликлар етиштирган хомашё учун белгиланган маблағни олади, режани ортиғи билан бажарган хўжаликларга кластер корхонаси томонидан олдиндан 5 миллион сўмдан аванс маблағи бериляпти. Шунингдек, фермер хўжаликларига шартнома режасини 5 фоиз орттириб бажарганда 5 миллион сўмдан, режа 110 фоизга етказилганда 10 миллион сўмдан нақд пул маблағи берилади. Қолаверса, шартнома режасини бажарган хўжаликларга туман ҳокимлиги ва кластер корхонаси томонидан қиматбаҳо совғалар берилмоқда. 

Дарвоқе, эришган натижамиз вилоят ҳокими томонидан эътироф этилди. Бу эса ғайратимизга ғайрат қўшди. Иккинчи теримдан ҳар килограмм пахта хомашёси учун 1400 сўмдан ҳақ тўланмоқда ва фермер хўжаликлари ҳам терилган 50 килограмм пахта учун 1 литрдан ёғ қўшиб бермоқда. Далаларимизда ҳали ҳосил мўл. Шу боис яна 2-2,5 минг тонна “оқ олтин” йиғиб-териб оламиз.

Ўктам Худойбердиев.