Пахтани бу йил ким теради: Терим машиналарининг улуши кўпми ёки қўл меҳнати?

Жорий йилнинг 13 август куни Президентимиз раислигида ўтказилган тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари жаҳонда пахта котировкалари 2022 йилдан бошлаб пасайиб кетаётгани кластерлар учун муаммо келтираётгани, кейинги уч йилда нарх тоннасига 3 минг доллардан 1,5 минг долларга тушганини қайд этди.
Тадбиркорлар эски қарзини янги ҳосил ҳисобидан бир-бирига улаб ёпмоқда. Ушбу вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида 2022-2023 йиллар учун пахта хомашёсига берилган имтиёзли кредит 3 марта узайтирилди, ўтган йилда пахта нархини тушириш учун тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия берилди.
Давлат раҳбари тижорат кредитидан 2,2 миллиард доллар мажбурияти бор бўлган 144 та корхонани соғломлаштириш чоралари ишлаб чиқилишини билдирди. Фаолиятини барқарорлаштириш мумкин бўлган корхоналарнинг кредит муддати 7 йилгача узайтириб берилади. Шунингдек, пахтани ўз вақтида, нобуд қилмай териб олиш учун фермерларга тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия берилади. Корхоналар ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қоплаб берилади.
Ҳозирги сув танқислиги ва иқлим ўзгаришлари шароитида пахта етиштириш катта қийинчилик туғдиради. Ер, иқлимга мос нав танлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, сувни тежаб, томчилатиш орқали суғориш ва асосийси, етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш лозим. Бу вазифаларнинг масъулияти ўлароқ, вилоятимиздаги 1791 та фермер хўжалиги жорий йилда 60 минг гектар майдонда ғўза парваришлади. Вилоятда 261 минг тонналик хирмон яратиш учун фермер хўжаликлари, кластер корхоналари ишчилари ва кўнгиллилардан иборат 121,7 мингдан ортиқ теримчини бириктирган 690 та терим отряди шакллантирилди.
Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси маълумотларига кўра, етиштирилган ҳосилни териб олиш, 69 та терим машинаси, теримчиларни ташиш учун 353 та, 1860 та транспорт, 3267 та тиркама жалб қилинади. Терим машиналари ёрдамида 27 минг гектардаги 130 минг тоннадан ортиқ ҳосилни териб олиш режалаштирилган.
Албатта, йиғим-терим бошланган кунларда пахта ҳосили қанча тез йиғиб олинса, тола сифати шунча юқори бўлади, фермернинг даромади-ю кейинги занжирларда ва қайта ишлаш босқичларида қўшилган қиймат ҳам шунча кўпроқ кенгаяди. Юқорида келтирилган режалардан келиб чиқадиган бўлсак, бу йил ҳам асосий ҳосил қўл меҳнати ёрдамида терилади.
Маълумот учун, ўтган йили вилоятимизда дастлаб қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун 2000 сўмгача, машина терими учун 1600 сўмгача ҳақ тўланганди. Кластерлар томонидан фермер хўжаликлари етиштирган хомашё учун тоннасига 6 миллион 800 минг сўмдан қабул қилаётган бўлса, тайёрланган ҳар тонна хомашё учун давлат томонидан 1 миллион сўм субсидия берилиши эвазига пахтанинг тоннаси учун хўжаликлар умумий ҳисобда 7 миллион 800 минг сўмдан ҳақ олиши белгиланганди. Ҳозирча жорий йилги қўлда ёки машинада терилган пахта хомашёсига қанчадан ҳақ тўланиши белгилангани йўқ.
Ўктам Худойбердиев.