Брендларга муккасидан кетиш оқилона қарор эмас

Аммо нега одамлар номдор нарсага эга бўлишни истайди?

Номдор компаниялар рейтинги доим мунозараларга сабабчи бўлади. Бир қарашда бу рейтинглар аҳамиятсиздай туюлса-да, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бренди жуда қиммат эканлиги одамларни ҳайрон қолдиради.

Бу ҳолатни иқтисодчилар маҳсулот сифати билан эмас, унинг номдор брендлигида эканлиги билан изоҳлашади. Яъни, харидор маҳсулот учун эмас, балки бренд учун пул тўлайди.

Қиммат брендлар ўз имижини яратиш учун катта маблағ сарфлайди. Чунки узоқни кўра билган моҳир компаниялар эксклюзивлик туйғусини ярата олган. Маркетологлар буни “премиум алданиш” деб атайди. Одамлар “махсус” нарсаларни сотиб олишаётганини ҳис қилган ҳолда улар учун кўпроқ пул тўлашга тайёр.

Бренднинг тарихи ҳам катта аҳамиятга эга. Узоқ анъаналарга эга компаниялар одамларнинг ишончини қозонади. Баъзида машҳур кишилар уларни қўллаб-қувватлайди ва улар маълум бир брендни танлаган пайти ушбу маҳсулотнинг қиймати автоматик равишда ошади. Психологлар одамларнинг буюм оддий бўлса ҳам рамзга айланган номдор брендларга интилиши кўп гапиришади. 

Қизиғи, қимматбаҳо брендлар камдан-кам ҳолларда нархлар баҳсида қатнашади. Сабаби улар элита туйғуси учун ҳам юқори нархларни сақлаб туради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, машҳурлик - маркетинг, дизайн, обрў ва ҳиссий таъсир учун курашнинг натижаси. Баъзида брендларни инновациялар машҳур қилади, эътиборни тортадиган янги технологиялар қизиқиш тўлқинини яратади. Лекин ишонч ҳал қилувчи омил бўлиб, одамлар ўзлари ишонган, билган, синаган нарсаларни танлайди. Буни англаган брендлар йиллар давомида юқори поғонада қолади. Кўпинча юқори нарх сифатни кафолатлайди, деб ўйлайдиган харидор қиммат нарсаларни танлайди.

Брендларга муккасидан кетиш оқилона қарор бўлмаса-да, одамлар шунчаки маҳсулотга эмас, балки бирор каттароқ, номдор нарсага эга бўлишни истайди, дейди мутахассислар.