Эндокрин касалликларни эрта аниқлашда нималар муҳим?
Ургут туманида Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг Самарқанд филиали томонидан соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизимида фаолият юритаётган ҳамширалар учун семинар-тренинг ташкил этилди. Семинарда диабетолди ҳолати, иккинчи тур қандли диабет, семизлик ва йод танқислиги касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш, даволаш ҳамда доимий назорат қилиш ҳақида сўз юритилди.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази бош ҳамшираси Л.Миртазаева, марказнинг Самарқанд филиали ходимлари Ю.Абдурозиқова ҳамда И.Алимова диабет олди ҳолатини эрта аниқлаш мезонлари ва хавф омиллари, иккинчи тур қандли диабетнинг клиник белгилари, асоратлари ва профилактик чоралари, семизликнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан маъруза қилдилар.
Мутахассислар томонидан патронаж ҳамшираларга замонавий диагностика усуллари, дори воситаларини тўғри қўллаш, беморларни диспансер назоратига олиш ва индивидуал ёндашув бўйича тавсиялар берилди.