Ногиронлиги бўлган шахслар бандлиги эътиборда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида «Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш электрон реестри» юритилмоқда. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълими ва меҳнат фаолиятига оид маълумотлар жамланиб, тадбиркорлар ва иш берувчилар учун очиқ тарзда тақдим этилади.
Иш билан банд бўлиш истагида бўлган ногиронлиги бўлган шахсларни реестрга киритиш «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза асосида амалга оширилади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ажратилмоқда. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларни камида уч ой давомида расмий иш билан таъминлаш ва меҳнатига ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаш шарти қўйилган. Шунингдек, сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматларини ташкил этиш харажатларини қоплаш учун ҳам субсидия бериш назарда тутилган.
Субсидия олиш учун тадбиркорлар белгиланган шаклдаги ариза ва тегишли ҳужжатлар билан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Бу борада Нуробод туманида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 12 та корхона ва ташкилотга жами 77 нафар ногиронлиги бўлган шахс ишга жойлаштирилди. Жумладан, Нурбулоқ маҳалласида яшовчи тадбиркор Нишон Хушбақов раҳбарлигидаги “Нурбулоқ Асилбек бизнес барака” МЧЖда бугунги кунда 11 нафар I–II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар доимий иш билан таъминланган. Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилингани учун психолог хизматини ташкил этиш ҳаражатларини қоплаш мақсадида МЧЖга БҲМнинг 10 баравари миқдорида субсидия ажратилди.
Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш мақсадида 3 нафар I–II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс камида уч ой давомида расмий иш билан таъминланиб, уларга меҳнатига ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида иш ҳақи тўланди. Ушбу йўналишда ҳар бир ишчи учун 3 813 000 сўмдан, жами 11 439 000 сўм миқдорида субсидия берилди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш нафақат уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, балки жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади. Давлат томонидан яратилган бундай имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари тадбиркорларни ижтимоий масъулиятга ундаб, инклюзив меҳнат бозорини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Элдор БАРАКАEВ,
Нуробод тумани "Инсон" ижтимой хизматлар маркази шуъба мудири.