Деҳқон учун пахта ҳақиқий даромадга айланди

Самарқандлик фермерлар салкам 244 минг тонна пахта етиштирди

Яқингача вилоятимиз пахтакорлари 75,5 минг гектар майдондан 215 минг тонна пахта хирмони яратиш учун меҳнат қилишарди. Қайсидир йилда кўзланган маррага етилса, бошқасида турли сабаблар туфайли хирмон кўнгилдагидек бўлмасди.

Беш йил аввал пахта тайёрлашда янгича ёндашувга ўтилди. Энди вилоятимиз пахтакорлари 75 минг гектар майдондан 215 минг тонна ўрнига 243 минг тонна пахта хомашёси тайёрлаяпти. Жумладан, бу йил 75,3 минг гектар ерда ғўза етиштирган фермерларимиз 243 минг 600 тоннадан зиёд пахта хирмони яратди.

Ана энди савол: қандай қилиб, ниманинг ҳисобига бундай бўлди? Бунинг устига бюджет ташилотлари ходимлари, талабаларни жалб этмасдан, бошқа мужбурий меҳнатга йўл қўймаган ҳолда буни уддалаш мушкул вазифа эмасми?

Биринчи сабаб - аграр тармоқнинг энг сердаромад соҳаси давлатнинг “қаноти”дан чиқарилиб, янги тузилма – кластер корхоналарига берилди. Бу корхоналар ўз навбатида ерни шудгорлашдан тортиб, хомашёни қайта ишлашгача бўлган жараённи қамраб олди. Яъни, улар қанча кўп ҳосил олса, қайта ишласа, сотса шунча кўп даромад, фойда кўради. Кейинги йилларда тизимдаги янгича ёндашув самараси давлатга ҳам, кластерга ҳам, деҳқонга ҳам манфаат келтиряпти.

Бу кластерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга берилган имтиёзларнинг самараси бўлди.

Тан олайлик, пахта йиғим-терими мажбурий меҳнат бўлган пайтда республика бўйича 3,2 миллион тоннадан ортиқ хомаёш тайёрланмасди. Бунинг устига хомашёнинг харид нархи 1 тоннаси 1,8 миллион сўмдан ошмасди. Яқинда тарқалган маълумотга кўра, пахтакорларимиз кластер корхоналарига 3,4 миллион тонна хомашё сотишган. Пахта хомашёсининг 1 тоннаси учун эса 2540 долларга яқин нарх таклиф этилмоқда. Бу эса деҳқон энди қилган меҳнатидан “косаси оқариб”, манфаатдорлик кўраётганини билдиради.

Ўктам Худойбердиев.