Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пекинда дунёдаги энг йирик аэропорт ишга тушди

Пекинда дунёнинг энг йирик “Дасин” аэропорти кеча ўз фаолиятини  бошлади. Бу ҳақда Хитой ОАВ хабар бермоқда.

Дастлаб, мазкур аэропорт 2019 йилнинг 30 сентябрида фаолият юритишни бошлаши режалаштирилган эди. Бироқ аэропорт илк рейсларга хизмат кўрсатишни 25 сентябрь, чоршанбадан бошлаб юборди.

Бугун ер юзидаги энг йирик аэропорт ҳисобланган “Дасин”нинг қурилиш ишлари 5 йил илгари бошланган ва жорий йилнинг 30 июнь куни якунланган.

“Дасин” аэропорти Пекин жанубида, пойтахтдан 46 километр узоқликда  жойлашган. Янги аэропортда тўртта учиш йўлаги мавжуд ва у йилига 620 минг рейсни қабул қила олади. Лойиҳа бўйича мазкур ҳаво порти 2025 йилда 72 миллион одамга хизмат кўрсатиш, 2 миллион тонна юкни манзилига етказишни мўлжаллаган.

“Дасин” дунёнинг энг йирик халқаро ҳаво порти бўлишдан ташқари, энг мураккаб аэропорт терминалига эга сифатида ҳам эътироф этилмоқда. 25 та футбол майдонига тенг бўлган аэропортнинг пўлат томи жаҳондаги аэропорт терминаллари ичида энг йириги ҳисобланади. Том дизайнини ишлаб чиқишда машҳур архитектор ва дизайнер Заҳа Ҳадид иштирок этган.