Мўъжизалар осмондан тушмайди ёхуд Хитой тараққиётининг сирлари ҳақида
Хитойликларнинг феълини билиш учун, аввало, уларнинг қуйидаги мақолларини ўқиш керак деб ҳисоблайман: «Ўқиб туриб фикр қилмаслик - ахмоқлик, фикр қилиб ўқимаслик - фожиа», «Савдода энг муҳими - пулни санаш, деҳқончиликда - эрта туриш», «Ўғрилик пиёз ўғирлашдан бошланади», “Ҳатто энг баланд тоғ ҳам қуёшни тўсолмайди», «Савдодан топилган мол - ўттиз йилга, тер ва қон билан топилган мол - минг йилга».
Ана шу нуқтаи назарга эга бўлган эл яратган мўъжизалар ҳақида дунё тарихчилари, адиб ва сиёсатчилари томонидан кўп ва хўб ёзилган. Назаримда, бу мамлакатнинг Шарқда, кунчиқарда, тағин океанга яқин жойлашувининг ўзи мўъжиза. Буни бизда Худонинг назари тушган, дейишади.
Эрамиздан олдиноқ, гарчи ҳудудлар ўртасида турли низолар кечаётган бўлса-да, ушбу заминда ипакнинг ихтиро қилиниши Буюк ипак йўлига асос солганди. Буюк Хитой деворининг қурилиши эса ўша давр архитектурасидагина янгилик бўлиб қолмади. Бу иншоот халқ заковатининг, ҳамкорлиги ва меҳнаткашлигининг чинакам тимсолига айланди. Зеро, тасаввурингиз аниқ бўлиши учун айтиш мумкинки, бизда катта Фарғона канали ва Каттақўрғон сув омбори қурилишида ҳам худди шундай жараён кечган.
Бронза давридаёқ хитойликлар ерости маъданларини қазиб олишни ўзлаштиришган. Тибет табобати асрлар давомида шаклланган. Бир суҳбатимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов “Ука, Хитой табобатининг қудрати шундаки, у одамни касал бўлишга қўймайди», деганида минг карра ҳақ эди.
Тараққиётда, ҳатто мўъжизаларда ҳам тасодифлар бўлмайди. Халқнинг иродаси, заковати ҳам йиллар давомида шаклланади ва биз бу ўлкада ана шу цивилизациянинг натижасини кўриб турибмиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Илмни Чинда бўлса ҳам ўрганинглар», деб бежиз айтмаган. Бу ҳақда кўплаб ҳадисшунослар ривоят қилганлар.
Камина ҳар гал борганимда, аввало, хитойликларнинг ҳаракат ҳамда муносабатларини синчиклаб кузатаман, бу элнинг ютуқлари сирини ўзларидан сўраб билишга ҳаракат қиламан. Биринчи англаганим уларнинг қонунга итоаткорлиги бўлди. Мумкин бўлмаган ишни қилишмайди, ҳеч ким кўрмади-ку, деб фикрламайди, йўлнинг ҳам тақиқланган қисмидан ўтмайди. Айниқса, мактаб ва бошқа ўқув юртларида кириш учун қўнғироқ чалингач, коридорда ҳеч кимни кўрмаймиз. Кутубхоналаридаги жимлик ва имо-ишораларга ҳавасим келди. Бунинг устига, ҳар бирида камида иккитадан замонавий телефон бўлишига қарамасдан, сал имкон топса, йўлда ҳам, ўтирганда ҳам газета ёки журнал варақлайди. Айниқса, жамоат жойларида, албатта, стол устида газеталар қўйилган.
Жанубий Хитой вилоятида бир медиа ташкилоти 20 та босма нашрга - газета ва журналларга эга экан. Социалистик тузумда капиталистик ишлаб чиқариш муносабатларини жорий этган ва бу борада қойилмақом натижага эришаётган давлат учун бу ҳам оддий ҳол экан.
Кийинишлари оддий, танасига қулай, дидига муносиб либос кийишади, куз, қиш ва баҳорда иссиқ кийимда юришади. Меҳмонларнинг бирорта саволи жавобсиз қолмайди, дўконларга, меҳмонхонага кирганингизда доимо хушмуомалада бўлишади.
Бир гал меҳмонхона эшиги ташқарисида аскардай турган йигитга салом бердим, у бир қаради-ю, индамади. Ўзимча аҳволини сўрадим, яна индамади. Гид бу ҳолатни тушунтирди: бу йигит фақат юк билан келадиган меҳмонларга хизмат кўрсатар, бошқалар билан муомалага киришса, ишдан ҳайдалар экан.
Мактабда кимё фани ўқитувчиси билан суҳбатлашдим, 27 ёшда экан, университетни битирган, беш йилдан бери дарс бераркан.
- Оилаликмисиз? - сўрадим ундан.
- Ҳа, хотиним троллейбус ҳайдайди.
- Фарзанларингиз борми?
- Биз ҳали бола парваришига тайёр эмасмиз.
- Уйингиз бордир?
Маълум бўлишича, эр-хотин ижарада туришаркан, у хусусий уй ортиқча ташвиш ва харажат эканини айтди. Буни кундалик жадвалидан ҳам билса бўларкан. Эрталаб соат 6.30 дан 7.30 гача хотини билан спорт боғида жисмоний тарбия билан шуғулланади. Ювиниш ва эрталабки нонуштага 40 дақиқа кетади. Соат 8.30 да ишда бўлишади. Ишдан кейин бир соат сайрга ажратилган. Кейин бир соат кунора кутубхонада ёки спорт залида бўлишади. Кечқурун биргаликда кино, театр ёки концертга, ҳафтада бир маротаба ресторанга боришади. Уйга асосан ухлаш, дам олиш учун келишади.
Умуман, Хитойда кўплаб зиёли ва давлат хизматчиларида уй йўқ экан. Имтиёзли уй бериш ҳам йўлга қўйилмаган, кўп қатори кредитга уй олиш мумкин. Агар оламан, деса, уй топилади.
Мени хитойликларнинг ўз соғликларига муносабати қизиқтирди. Эрталаб улар сафида спорт боғларига бордим. Боғ деганимиз дарахт билан қопланган яшиллик орасида ўрнатилган тренажёрлардир. Бир гектарлик бундай жойлар жуда кўп, атрофида биздагига ўхшаб кабоб ёки сомса пиширилмайди, музқаймоқ сотилмайди. Бу ерда эрталабдан соат саккизларга қадар ҳаммани кўрасиз: ёшу қари, эркагу аёл, ҳатто ҳижобдагилар ҳам бир чеккада шуғулланишади. Шу сабабли Пекиндай катта ва тиғиз пойтахтда ҳам дорихона жуда кам. Бори ҳам табиий дориворлар сотади. Поликлиника мавқеидаги шифохоналарда барча турдаги ва тоифадаги врачлар бор. Улар беморни кўриш жараёнида биргаликда ёки онлайн орқали маслаҳатлашади. Рецептда шифокорнинг имзоси бўлмаса, дорихона дори бермайди. Дарвоқе, кучлироқ дорилар учун малакаси юқори врачларгина имзо чекади. Мабодо олдиндан ичиб юрган доридан яна олмоқчи бўлсангиз ҳам унга врач рухсати керак.
Хитой бугун дунёга чинакам мўъжиза кўрсатмоқда. Ҳаётнинг кўплаб соҳаларида деярли ҳар куни бу ерда албатта, бир ихтиро, янгилик яратилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз билан ўзаро ҳамкорлик ривожланган сари биз бу муваффақият сирларини равшанроқ билиб боряпмиз.
Бугун юртимиздаги кўплаб ҳудудлар Хитой провинциялари ва шаҳарлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилояти Чин ўлкасининг Шэнси, Шандун, Сзянсу провинциялари билан биродарлашган ҳолда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини камбағалликдан чиқаришда мазкур ҳудудлар тажрибасини ўзимизда жорий этмоқда. Мисол учун, Нарпай ва Пахтачи туманларида Шандун провинцияси, Қўшработ ва Пайариқ туманларида эса Шэнси провинцияси тажрибасини қўллаган ҳолда аҳолини камбағалликдан чиқариш ва тадбиркорликка ўргатиш йўлга қўйилмоқда. Сзянсу провинцияси тадбиркорларига эса Каттақўрғон туманида фаолият олиб боришлари учун зарур шарт-шароит яратиб берилмоқда. Ушбу провинциялар раҳбарияти ва тадбиркорлари шу йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб, ўз тақдимотларини ўтказди. Ҳокимлар, ишбилармонлар билан манфаатли келишувларга эришди. Орадан кўп ўтмай, Самарқанд вилояти делегацияси ҳам Хитойга бориб, мазкур провинцияларда ўз тақдимотларини ўтказди. Кўплаб истиқболли келишувлар имзоланди, йирик инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қарор қилинди.
Шунингдек, туризм, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, металлургия, машинасозлик, кимё саноати йўналишларида ҳамкорлик кўлами кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда вилоятимизда Хитой тадбиркорлари иштирокидаги 75 та корхона мавжуд бўлиб, улардан 18 таси тўлиқ Хитой капитали иштирокида ташкил этилган.
Корхоналарнинг 54 таси саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида, 5 таси қурилиш, автомобилсозлик, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритиб келишмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги «Азия Металл Проф» МЧЖ шаклидаги металлургия корхонасида 800 дан ортиқ иш ўринлари яратилган. Бугунгача хитойлик ҳамкорлар томонидан 33 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция киритилган. Корхона ўрамли металдан металл қувурлар ва профиллар, рухланган ва полимерланган металл тунукалар ишлаб чиқаради.
Бугун Самарқандда Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар савдоси билан шуғулланаётган дилерлар кун сайин кўпайиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Ушбу автомобиллар сифати, қулайлиги, камхаржлиги, хавфсизлик тизими ва бошқа сифатлари билан харидорлар ишончини қозонди. Муҳими, уларга техник хизмат кўрсатиш ҳам кафоланмоқда.
Ёки Самарқанд шаҳрида аҳолига сифатли жамоат хизмати кўрсатишда ҳам Хитойнинг “Yutong” компанияси автобус ва электробусларидан фойдаланилаётганини олинг. Бу ҳам, аввало, аҳолига қулайлик, қолаверса, транспорт хизмати кўрсатувчи корхона манфаатига тўла мос келгани учун танланганини унутмаслик лозим.
Англаганим шу бўлдики, Хитой тараққиётининг энг катта манбаси бу-халқининг онгу тафаккури ва қонунга итоаткорлиги, меҳнатсеварлиги. Негаки, бу ўлкада ишламайдиган одам тишламайди, ҳар бир фуқаро агар меҳнат қилмаса, хароб бўлишини билади. Давлат ана шундай тартиб ва қоидани маҳкам ушлаган. Яқинда бориб келган ишбилармон танишим яна бир гап айтди. Хитойда жиноятчи, ландовур, ишёқмасларнинг ўзларидан кўра фарзандлари билан жиддий шуғулланишар экан. Токи шу оиладан яна битта ношуд етишиб чиқмасин деб, у болалар махсус мактабларда ўқитиларкан, касб ўрганишига имкон яратиларкан.
Фармон ТОШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.