Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент ташрифидан сўнг: “Самарқанд” халқаро аэропортига “Очиқ осмон” мақоми бериш таклиф этилди

Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев 26 июль куни вилоятимизга ташрифи давомида туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун муносиб, замонавий шарт-шароит, имкониятларни яратиш борасидаги таклифларни илгари сурди.

Ушбу таклиф ва ташаббуслар асосида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида вилоятда 2022 йилгача туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашга киришилди.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларда келтирилишича, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгиланган мазкур лойиҳада қуйидаги масалалар ўрин олган:

* Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми ва буфер зоналарида ҳар қандай қурилиш ишларини таъқиқловчи, бунда истисно тариқасида ЮНЕСКО халқаро ташкилоти ва ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссиянинг хулосасига кўра қурилиш ишларини ташкил этиш бўйича нормалар киритилади.

* Самарқанд вилояти Эшкак эшиш канали ва Имом Бухорий мажмуалари атрофида хорижий сайёҳлар ҳамда шаҳар аҳолиси учун дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, сузиш ҳавзалари, болалар дам олиш масканларидан иборат туристик зоналар ташкил этилади.

* “Самарқанд” халқаро аэропортига “Очиқ осмон” мақомини бериш ва аэропорт томонидан авиа ёқилғини мустақил реализация қилиш чоралари кўрилади.

* “Самарқанд” халқаро аэропортининг хорижий авиакомпаниялар билан тўғридан-тўғри рейсларини ташкил этиш бўйича ваколатлари кенгайтирилади.

* Вилоятга олиб борувчи автомобиль йўлларида қатновлар, авиа, темир йўл рейслари сони кескин оширилади.

* Самарқанд шаҳридаги бир қатор кўчалар сайёҳларнинг пиёда сайр қилишлари учун мослаштирилади.

* Туризм салоҳияти мавжуд туманларда 20 дан ортиқ этноқишлоқлар ташкил этилади.

* Вилоят ва унга туташ туристик маршрутлардаги йўллар таъмирланади;

* Самарқанд вилояти ҳудудида ҳамда вилоятга олиб борувчи йўллар атрофида тоза ва замонавий санитар-гигиеник шохобчалар тармоқлари ташкил этилади.

* Вилоятга олиб борувчи автомагистрал йўллар атрофидаги инфратузилма объектлари таъмирланади.

* Маданий меърос объектларидан оқилона фойдаланиш ва уларнинг монетизацияси ривожлантирилади.

Шунингдек, вилоят ҳудудида туризм инфратузилма объектлари (меҳмонхона, умумий овқатланиш шохобчалари, туристлар учун банк ва алоқа инфратузилма объектлари)нинг манзилли рўйхати тасдиқланади.

“Ипак йўли” туризм халқаро университети биносини таъмирлаш ишларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тезкор молиялаштириш чоралари кўрилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2019 сентябрь ойига қадар юқоридаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Европа Тикланиш ва тараққиёт банки томонидан республикадаги барча тижорат банклари орқали молиялаштириладиган маблағларни Самарқанд вилояти туризм соҳасини ривожлантириш учун жалб қилинишини таъминлайди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.