Анвар Иброҳим Ўзбекистон - Малайзия бизнес форумида иштирок этди
Мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Ўзбекистон - Малайзия тадбиркорлари иштирокидаги бизнес форумда қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Ходжаев кейинги йилларда Малайзия билан савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, ушбу ташриф эса ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити яратилгани, қонунчилик такомиллашаётгани ва иқтисодиётни эркинлаштирилиш борасида фаол сиёсат юритилаётганини қайд этди.
Малайзия Бош вазири ўз сўзи аввалида Ўзбекистонга дипломатик делегация сифатида эмас, дўст сифатида келганини алоҳида таъкидлади.
- Ўзбекистон Президенти ва ҳукумат раҳбарларининг мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги сўзларидан биз шундай хулосага келдикки, Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаш мумкин, - деди Анвар Иброҳим. - Жумладан, энергетика, рақамли технологиялар, туризм йўналишларида ҳамкорлигимиз истиқболли бўлишига ишонамиз. Мен Ўзбекистон Президенти ва ҳукумат раҳбарларида мамлакатни ривожлантиришга фаол интилиши борлиги кўрдим ва буни олқишлайман.
Форумда икки мамлакат тадбиркор ва иқтисодий соҳа масъуллари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан Ўзбекистон ва Малайзия ҳукуматлари раҳбарларидан жавоб олдилар.
Тадбирда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланди.