Панжикентдаги Наврўз тантаналарида самарқандликлар меҳмон бўлди

Наврўз – табиатнинг уйғониши, янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши. Шарқ халқлари ҳамал кириши билан, яъни 21 мартдан бу байрамни бир ой давомида нишонлаган.

Тожикистон Республикасининг Панжикент шаҳрида 15 апрель куни Наврўз байрами кенг тантана қилинди.

Қўшни давлатнинг Суғд вилояти раҳбарияти таклифига кўра, ушбу байрам тадбирида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва жамоатчилиги вакиллари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари раҳбарларининг кейинги йиллардаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги азалий қардошлик ва қўшничилик муносабатларини яхшилашга қаратилган сиёсатлари туфайли минтақалар ўртасидаги алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.

Хусусан, Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Суғд вилоятларини боғловчи божхона постларининг очилиши, чегарадан ўтиб-қайтишдаги енгилликлар туфайли бугунги кунда нафақат икки минтақа аҳолисининг, балки тадбиркор ва ишбилармонларнинг алоқалари ҳам янги босқичда ривожланмоқда. 2019 йилда Самарқанд шаҳрида Суғд вилояти кунлари, сўнгра Хўжандда Самарқанд вилояти кунлари ташкил этилиб, икки ҳудуддаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмалари, бизнес форумлар, маданий тадбирлар ўтказилганди.

– Пандемия сабабли кейинги икки йилда бундай тадбирларни ўтказишга имконият бўлмаганди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов. – Лекин бугун икки мамлакатда ҳам вазият барқарорлашгач, бу йил ҳудудларда яна вилоятлар кунларини ўтказиш кўзда тутилган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш, туризм хизматлари кўрсатиш бўйича алоқалар ҳам бу йил янада жонланиши кутилмоқда. Айни пайтда тожикистонлик фуқаролар “Саразм” – “Жартепа” божхона постлари орқали Самарқандга келиб, туристик, тиббий хизматлардан кенг фойдаланмоқда. Ўз навбатида самарқандликлар ҳам қўшни давлатга сайёҳатга бориб келмоқда.

Байрам тадбирида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирок этиб, Суғд вилояти аҳли, жумладан, панжикентликларни Наврўз билан табриклади. Янги бошланган деҳқончилик мавсуми баракали бўлишини тилади.

Концерт дастурида тожик халқининг миллий куй-қўшиқлари, мақом санъати намуналари ижро этилди, урф-одат ва анъаналари намойиш этилди. Шу билан бирга ўзбек мумтоз ашулари ижросига ҳам кенг ўрин берилди.

– Ўзбек ва тожик халқларини икки тилда сўзлашувчи бир халқ деб айтишади, – дейди Самарқанд вилоятидаги тожик ва тожикзабонлар миллий маданий маркази раҳбари А.Маҳмудов. – Ҳақиқатан ҳам халқларимиз ўртасидаги муштарак ва ўзаро ўхшаш томонлар жуда кўп. Бизнинг тарихимиз, адабиётимиз, маданият ва санъатимиз бир, турмуш тарзимиз бир-бирига уйғун, бир дарёдан сув ичамиз. Бугунги байрамда қатнашиб, бу муштаракликка яна бир бор амин бўлдим.

Байрам тадбиридан сўнг Тожикистон Республикаси Президенти Самарқанд вилояти вакилларини қабул қилиб, уларни байрам билан табриклади.

– Дунёда тожик ва ўзбек халқлари каби бир-бирига яқин, кўп жиҳатлари ўхшаш халқ бўлмаса керак, – деди Тожикистон Президенти. – Бизнинг яшаш тарзимиздан диний эътиқодимизгача бир хил. Тилимиз бошқа-бошқа бўлса ҳам бир-биримизни таржимонсиз тушунамиз. Халқларимиз азалдан яқин қўшни, қуда-анда бўлиб яшаган. Биз – давлат раҳбарлари халқларимизнинг бу яқинлигини, дўстлик, ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга шароит яратиб беришимиз керак ва буни Шавкат Мирзиёев билан биргаликда амалда бажаряпмиз. Мен ҳар куни чегараларимиздан қанча одам ўтиб-қайтаётганлигини сўраб тураман ва рақамлар кун сайин, йил сайин ошиб бораётганидан хурсанд бўламан.

Самарқанд вилояти вакиллари ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. 5500 йиллик тарихга эга "Саразм" ёдгорлик мажмуаси, Абу Абдулло Рудакий музейи ҳамда Панжикентдаги бошқа тарихий-маданий объектларни томоша қилди.

Ғолиб Ҳасанов.

(Самарқанд – Панжикент – Самарқанд)