Кичик ўқувчиларнинг катта тадбири

Ёш ўқувчилар Ўзбек тили байрамига ажойиб совға тайёрлади.
Ургут туманидаги 106 -умумтаълим мактабида Ўзбек тили байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирнинг асосий қаҳрамонлари энди алифбони ўрганаётган биринчи синф ўқувчилари бўлди.
Мазкур синф раҳбари, халқ таълими аълочиси Аминжон Нозимов мактаб раҳбариятига бу йил тил байрамини ўзига хос тарзда ўтказишни ваъда бериб, ташаббусни ўз қўлига олди.
Мактаб жамоаси билан бирга Хўжабаланд маҳалласи аҳли, ота-оналар "Она тилим - ифтихорим" деб номланган тадбирга йиғилгач, даврага жажжи ўқувчилар чиқиб келди. Бошловчи ҳам, она тили ҳақида шеър ва ҳикматларни айтувчи ҳам биринчи синф ўқувчилари бўлди. Энди ҳарф таниб, ёзув-чизувни ўрганаётган ўғил-қизларнинг зийрак ва зукколиги барчани ҳайратлантирди.
- Энг ёш ўқувчиларимиз ўзбек тили байрамига шундай ажойиб совға тайёрлашларини кутмагандик, - деди мактаб директори Ш.Ибрагимов. - Бу агар фарзандларимизга ёшлигидан она тилига меҳр уйғотсак қандай натижаларга эришишимиз мумкинлигининг яна бир ёрқин исботи бўлди. Абдулла Авлоний айтганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Демак, биз фарзандларимизни ақлини таниганиданоқ бу ойинаи ҳаёт билан таништиришимиз керак.