Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президентимизнинг 5 муҳим ташаббуси бўйича Ургутда ўтказилаётган тадбирлар самарали бўляптими?

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, мусиқа, санъат, спорт ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш мақсадида бешта муҳим ташаббус илгари сурилди. Ушбу ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Ургут туманида йўл харитаси тасдиқланиб, қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тумандаги 56-умумтаълим мактабида афғон уруши қатнашчиси Шамсиддин Муродов хотирасига бағишланган футбол турнири ўтказилди.

- Бугунги футбол мусобақасида ўқувчиларнинг спортга қизиқиши катта эканлиги намоён бўлди, - дейди мактаб директори Асқар Бобоёров. – Болаларнинг тайёргарлик жараёни, машғулотлардаги фаоллиги, юксак марралар сари интилишини кўриб, улардан чемпионлар етишиб чиқишига амин бўлдим. Бу каби беллашувларни нафақат мактаблар ўртасида, балки маҳаллалар ўртасида ҳам ўтказиш лозим.

Уч кун давом этган беллашув натижасига кўра, 56-умумтаълим мактаби жамоаси биринчи, 49-умумтаълим мактаби иккинчи ва 52-умумтаълим мактаби ўқувчилари учинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, мактаб ҳовлисида «Бир болага бир китоб совға» акцияси доирасида «Самарқанд китоб олами» маънавий-маърифий мажмуаси томонидан китоб ярмаркаси ташкил этилди.

Ҳ.ФАЁЗОВ,

Ургут тумани Мерганча қишлоғи.