Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қайта ҳисобланган пенсия ва нон учун компенсацияни кимлар оляпти?

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари  пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимлари томонидан 367 минг 245 нафар пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларга хизмат кўрсатилмоқда.

Бу юртдошларимизнинг 277 минг нафарга яқини ёшга доир, 35 минг нафари ногиронлик, 19 минг нафардан ортиғи боқувчисини йўқотганлик пенсияси олади. Шунингдек, айни пайтда вилоятимизда 70 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 2258 нафар фронт ортида меҳнат қилган пенсионерлар мавжуд. Ҳар ойда ўрта ҳисобда вилоят бўйича 218 миллиард 990 миллион сўм пенсия ва нафақа тўловлари тўлаб берилади.

Президентимизнинг 2018 йил 12-декабрда қабул қилинган “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, 2019 йил 1-январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланмоқда. Шу пайтгача вилоятимиза 8170 нафар пенсионерлар ишлар ва улардан 5556 нафари пенсия пулининг эллик фоизини олар эди. Жорий йилнинг 1-январидан улар ҳам пенсия пулларини иш жойлари орқали тўлиқ олиш ҳуқуқига эга бўлди. Ўтган йил ишловчи пенсионерларга бир ойда ўрта ҳисобда 5 миллиард 484 миллион сўм харажат қилинган бўлса, эндиликда барча ишловчиларга тўлиқ миқдорда пенсия тўлаш ҳисобига бир ойда ўртача 8 миллиард 347 миллион сўм маблағ сарфланади.

Яна бир эътиборли томони, ушбу фармон билан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробарига оширилди. Бу ҳам кўплаб пенсионерлар оладиган пенсияга қўшимча маблағ қўшиш имкониятини берди.

Мисол учун, иш стажи 40 йил бўлган эркак пенсионернинг пенсия пулини ҳисоблаш учун аниқланган ўртача ойлик иш ҳақи 4 миллион сўмни ташкил қилади, инобатга олинган қисми энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробари (1 621 840 сўм) миқдорда белгиланган. Пенсия миқдори эса 1 135 288 сўмни ташкил қилган (25 йил талаб этилган иш стажи (55 фоизи) ва 15 йил ортиқча иш стажи учун 1 фоиздан ошириш).

Шу пенсия янги мезон асосида қайта кўриб чиқилганда жорий йил 1-январдан 1 419 110 сўмни ташкил этади. Бунда энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари – 2 027 300 сўмдан  пенсия  миқдори ҳисоблаб аниқланади (2027300 х 70 фоизи =1419110 сўм)

Вилоятда шу тоифадаги юқори ойлик иш ҳақига эга бўлган пенсионерлар 44 минг 873 нафарни ташкил  қилди ва уларнинг пенсия пули қайта ҳисоб-китоб қилиниб, январь ойида оширилган ҳолда тўловга чиқарилди.

Бундан ташқари, айни пайтда Самарқанд вилоятида 112 мингдан ортиқ пенсия ва ижтимоий нафақа олувчи фуқаро Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги “Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида компенсация пули олмоқда.

Мазкур қарорга кўра, 2018 йил 1-октябрдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси, болалигидан ногирон бўлган 16 ёшдан катта ва 16 ёшгача ногирон болаларга нафақа, шунингдек, ёшга доир пенсиянинг белгиланган миқдоридан кам пенсия ва нафақа бўйича ҳар бир олувчига республикада белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланиши жорий этилди.

Масалан, пенсионер бугунги кунда 395 850 сўм ёшга доир (тўлиқсиз стаж билан) пенсия олиб турибди ва бу ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан кам (ёшга доир пенсиянинг белгиланган миқдори 2018 йил 1-ноябрдан бошлаб 396 500 сўм). Шу сабабли бу фуқарога компенсация пули тайинланиб, тўлаб берилади.

Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26-декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги Қарори билан юқорида келтирилган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13-сентябрдаги 731-сон қарори 2-бандининг иккинчи хатбошига қўшимча киритилди. Унга кўра, ОИВни юқтириб олган 18 ёшгача болаларга нафақа олувчиларга ҳам 2019 йил январдан қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик пул компенсация тўланиши жорий этилди.

А.РАҲИМОВ,

бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси

вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи.