Самарқанд давлат университети 600 ёшда: Депутатлар юбилей тантаналари сентябрда ўтказилишига рухсат берди
- Тарихдан маълумки, 1420 йилда Мирзо Улуғбек мадрасаси таъсис этилиб, олий ўқув юрти сифатида узлуксиз фаолият олиб борган, - дейди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. – Университет мазкур мадрасаи олиянинг меросхўри эканлиги бир қанча илмий тезислар билан исботланган.
Шу боис жорий йилда университетнинг 600 йиллик юбилейини ўтказиш вилоятнинг юқори органи – халқ депутатлари вилоят Кенгашидан сўралди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бугун бўлиб ўтган сессиясида ушбу масала атрофлича муҳокама қилинди.
Депутатлар вилоят ҳокимлиги ва кенг илмий жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олиб, жорий йил сентябрь ойида Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейи тантанали равишда ўтказилсин, деган қарорга келишди.
Сессия қарори билан юбилейни ташкил этиш ва ўтказиш ташкилий қўмитаси таркиби тасдиқланди.
Ташкилий қўмитага фундаментал ва ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги назарий ва амалий тадқиқотларга оид ютуқларни кенг ёритиш ҳамда миллий таълим стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юкланди.
Юбилей тантаналари доирасида “Ўзбекистонда илм-фан, олий таълим тизимининг шаклланиши ва тараққиётида Самарқанд Давлат университетининг тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилади.
Ёш олимлар, иқтидорли талабалар, ўрта мактаб ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари учун турли танловлар, фан олимпиадалари ва фестиваллар ташкил этилади.
“Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси вилоят бўлими (Н.Сафаров) ишчи гуруҳининг буюртмасига асосан университет факультетлари жойлашган ҳудудлар, Университет хиёбони атрофи, Регистон майдони, Шоирлар хиёбони мамлакатимиз илм-фани ривожи ва тараққиётини, Самарқанд давлат университети олимлари эришган ютуқларни тарғиб этувчи паннолар, шиорлар, ҳикматли сўзлар ёзилган баннерлар, реклама билбордлари билан жиҳозлайди.
Самарқанд давлат университети юбилейини ташкил қилиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.