Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат университети Улуғбек мадрасасининг вориси

Аввал хабар берганимиздек, 16-17 июль кунлари Самарқанд шаҳрида  “Самарқанд давлат университети – Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси” мавзусидаги халқаро онлайн илмий конференция бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё ваколатхонаси раҳбари Криста Пикат, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, шунингдек, хорижий олий таълим муассасалари раҳбарлари маъруза қилди.  

- Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳр темурийлар салтанатини бошқарган қарийб 40 йиллик даври мобайнида унинг Самарқанд, Бухоро, Ғиждувондаги мадрасаларидан етишиб чиққан олимларнинг катта илмий мактаби шаклланди, - деди Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. - Улуғбек яратган илмий мактабда 200 дан ортиқ олим фаолият олиб борган. Айниқса, мадрасада астрономия, математика, геометрия фанларига бағишланган бир қатор қўлланмалар яратилган. Марказий Осиё минтақасидаги буюк тамаддунлар бир-бирининг мантиқий давоми сифатида ўртага чиққан. Бу цивилизацияларнинг жон томирлари бўлган мадрасалар тизими ҳам даврлар оша ривожланиб ва такомиллашиб келган. Шу маънода Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг бевосита вориси бўлиб, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам (1420 йилга) мадрасанинг таъсис этилиш санасига бориб тақалади. Бу эса Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек асос солган мадрасаи олиянинг бевосита давомчиси, деб хулоса чиқаришга асос бўлади.

Халқаро онлайн илмий конференцияда олимлар Самарқандда илм-фан ривожи қадимдан тараққий этиб келганини эътироф этдилар. Икки кун давом этган тадбирда маҳаллий ва хорижлик олимларнинг 30 га яқин маърузалари тингланди. 

Хуршида Эрназарова.