Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд музейларида сақланаётган нодир асарлар онлайн намойиш этилмоқда

Санкт-Петербургдаги Эрмитаж, Лондондаги Британия, Мадриддаги Прадо, Франциядаги Лувр, Ватикан, Салвадор Дале каби музейларда сақланаётган ноёб санъат асарларини кўришни истамаган киши бўлмаса керак. Коронавирус пандемияси сабаб дунёдаги ушбу машҳур музейлар виртуал саёҳат қилиш имкониятини яратди. Энди ноёб экспонатларга, дурдона санъат асарларига қизиқувчи кишилар уйида ўтириб ҳам улардан баҳраманд бўлиши мумкин.

Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида ҳам бир неча асрларга тенгдош, нодир санъат асарлари сақланаётгани сир эмас. Бугун улар ҳам дунё музейларига ҳамоҳанг ижтимоий тармоқлар орқали онлайн музей экспонатлари ҳақида сўзловчи қисқа метражли фильмлар намойиш этмоқда. Карантин даврида бўш вақтини мазмунли ўтказмоқчи, фарзандларига аждодларимиз тарихидан сўзламоқчи бўлган ота-оналарга ва қизиқувчиларга ажойиб имконият яратилди.

- Юртимизда коронавирус пандемияси сабаб карантин эълон қилингач, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибидаги барча объектларда дезинфекция ишлари олиб борилиб, томошабинлар ташрифи вақтинча чекланди, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори Самариддин Мустафоқулов. – Аммо ходимлар томонидан музей-қўриқхона тизимидаги музейлар ва тарихий обидаларни тарғиб қилиш ишлари изчил олиб борилмоқда.  Идорадан чиқмаган ҳолда музей-қўриқхона тизимидаги филиаллар фаолияти, янги ташкил этилаётган кўргазмалар ҳамда музейлардаги ноёб ва нодир ашёлар ҳақида маълумот берувчи видеолавҳалар веб-сайт ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг намойиш этиляпти. Кўргазма заллари ва улардаги нодир музей санъат асарлари ҳақида қисқа метражли ҳужжатли фильмлар тасвирга олинди. Мисол учун, улардан бирида Ўзбекистон давлат санъат музейидаги Ўзбекистонда ёзувлар пайдо бўлиши экспозициясидан жой олган ноёб асарлар, қадимий ёзувлар, турли ёзувларда битилган Қуръон китоблари ҳақида маълумот келтирилган. Бу кўпчиликни қизиқтирди ва  ижтимоий тармоқларда 20 мингдан ортиқ киши кузатди.  Мазкур Қуръон китоби Самарқанд қозикалони Мир Низомиддин Хожа ибн Абдуғаффор Ҳожининг маълумотига кўра, ҳижрий 1271 йилда Бухоро ҳукмдори Амир Насруллохон буйруғи билан самарқандлик  котиб Мулла Ҳасан Самарқандий томонидан сулс хатида Самарқанд қоғозига кўчирилган. 1939 йилда Шоҳи Зинда мақбарасидан олиниб, музейга тақдим қилинган. Ёки Амир Темур мақбарасининг эшиги ҳақида ишланган видеоролик ҳам мухлисларни бефарқ қолдирмади. Шунингдек, “Мирзо Улуғбек расадхонаси музей мажмуаси” ва “Афросиёб - қадимий Самарқанд”  номли қисқа метражли фильмлар тайёрланиб ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.

Бугунги кунда Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида  9 музей, 6 та тарихий обида ва 250 минга яқин экспонат сақланмоқда. Ушбу музейлар, тарихий обидалар ва уларда сақланаётган ноёб санъат асарлари ҳақида ҳар ҳафтада ҳужжатли фильм тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқлар орқали онлайн намойиш этиш режалаштирилган.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.