Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 2019 йилнинг май ойида нималар содир бўлганди?

Муаззам Регистон майдонидаги ушбу икки суратдаги фарқларни топинг, десак, ҳозир дарҳол биринчи фарқ одамларда дейишингиз аниқ. Ҳақиқатан ҳам айни пайтда нафақат хорижлик, балки самарқандликлар ҳам ушбу майдонни бориб кўришдан мосуво.

Самарқанд дунё нигоҳидаги шаҳар ва айни баҳор ойларида сайёҳлар, зиёратчиларга гавжум бўларди. Халқаро миқёсдаги кўплаб анжуманларга мезбонлик қиларди. Хуллас, айни карантин кунлари ўтган йилнинг май ойида Самарқандда қандай йирик анжуманлар ўтказилганини ўқувчиларга эслатмоқчи бўлдик.

Демак, 2019 йилнинг май ойида:

1 май - Самарқанд шаҳридаги Кўксарой, Регистон майдонлари, Университет  хиёбони ва бир қанча жойларда фавваролар сайли ўказилди.

6 май - вилоят эндокринология диспансерининг қабул, болалар эндокринологияси, интенсив даволаш ва реанимация бўлимлари жойлашган янги биноси фойдаланишга топширилди. Янги бинода 40 зиёд лаборатор таҳлилларни амалга ошириш имконияти яратилди.

9 май - Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилоятидаги 70 нафар уруш қатнашчисининг хонадонига борган ҳолда уларга пул мукофоти ва байрам совғалари топширилди.

13-14 май - вилоятимизда «Ўзбекистон - умумий уйимиз!» анъанавий маданият ва дўстлик фестивали ўтказилди.

14 май - Самарқанд шаҳридаги «Динамо» теннис кортида профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) мусобақалари тақвимидан жой олган халқаро «Челленжер» турнири ўтказилди. Унда 24 та мамлакатдан 53 нафар моҳир теннисчилар қатнашди.

19 май - Самарқандда «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!» шиори остида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан оммавий юриш марафони бўлиб ўтди.

24 май - Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Самарқанд вилояти ва Шаньдун провинцияси ўртасида бизнес-форум бўлиб ўтди.

24 май - Самарқандда Хитой, Россия, Франция, Италия, Жанубий Корея, Туркия, Босния ва Герцаговина, Польша, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатларининг етакчи олимлари, туризм соҳаси мутахассислари иштирокида «Буюк Ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг ренессанси» мавзусида халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади.

27 май - Самарқандга ташриф буюрган Жаҳон ҳунармандлар кенгаши (WCC)нинг Осиё - Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддуми Самарқандга “Халқаро ҳунармандлар шаҳри” мақомини беришни таклиф қилди.

Ўтган йилнинг 10 ойида вилоятга жами 2,7 миллион турист ташриф буюрган бўлиб, шундан 500 мингдан зиёдини хорижий сайёҳлар ташкил этди.

Бу йил эса… Самарқанд мамлакатимизда коронавирус тарқалиши туфайли юзага келган вазиятда «қизил» ҳудудга киритилган. Пандемия сабабли чекловлар ушбу шаҳарда ҳамон амалда.

P/S. Ушбу материал ва унга илова қилинган расм Internews кўмагида, россиялик машҳур тренер Юрий Звягинцев иштирокида ўзбекистонлик журналистлар учун ўтказилаётган вебинар натижаси ўлароқ юзага келди. Вебинарда журналистлар «Аудитория эътиборини қаратиш ва уни ушлаб туришда мультимедиа форматларининг самараси» мавзусида ўтказилаётган машғулотларда ахборот сайтларининг ўқимишлигини ошириш, ўқувчига янги мультимедиа воситалари орқали ахборот етказиш усуллари ўргатилмоқда.

Гулруҳ МЎМИНОВА.