Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда муаммоси тугамаётган янги уй

Янги уйга кўчиб кирган кишининг қувончи чексиз бўлади. Аммо айрим оилалар янги уйга кўчиб ўтганларидан кейин янги ташвишларга дуч келади. Бу ҳолат чекка ҳудудларда, олис қишлоқларда эмас, шаҳарлар марказида ҳам кузатилади. Яқинда таҳририятимизга Самарқанд шаҳри Нарпай кўчаси 170-уйдан квартира сотиб олиш учун шартнома имзолаган фуқаро Н.Жўраев ҳамда бугунги кунда шу ерда истиқомат қилувчи 8 нафар фуқаронинг имзоси билан келган шикоят хатини ўқиб, шундай хулоса қилдик.

Хатда ёзилишича, Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Rudakiy qurilish va ta‘mirlash” ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси томонидан турар жой сифатида реконструкция қилинган бино фуқароларга сотилган. Давлат қабул ҳайъати аъзолари 2017 йил 3 июль куни мазкур объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномани имзолаган. Бугунги кунда фуқаролар бу кўп қаватли уйда яшаб келаётган бўлса-да, яшаш учун етарли шароитлар мавжуд эмас.

Шикоят хатини ўрганиш учун 170-уйга бордик. Кўча томондан бинойидек кўринган кўп қаватли уйнинг олд томонига ўтиб қарасангиз, ҳақиқатан ҳам реконструкция ишлари кўнгилдагидек амалга оширилмаганига гувоҳ бўласиз. Биринчи кўзга ташланадиган жиҳати, уйнинг олд томонининг фасади орқа тарафидек замонавий кўринишга эга эмас, эски кўринишининг устидан номигагина бўёқ суртиб қўйилган, холос. Уйнинг учта йўлаги мавжуд бўлиб, иккита йўлакда лифт ишламайди. Шу уйда яшовчиларнинг таъкидлашича, ишлаб турган биргина лифт ҳам юқори қаватда яшовчи фуқаронинг ўз ҳисобидан таъмирлаганлиги учун ҳаракатланиб турибди.

- Янги уйда роҳат билан яшаш орзуимиз бор эди, - дейди фуқаро Шуҳрат Расулов. – Лекин кўчиб ўтганимиздан бери бошимиз ташвишдан чиқмайди. Биринчидан, канализация қувурлари талаб даражасида ўрнатилмаган. Шу сабабли уйимизнинг ертўласи тез-тез сувга тўлиб қоларди. Буни бартараф этиш мақсадида мутасаддиларга мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмади. Ўзимиз анчагина маблағ эвазига таъмирлатдик. Иккинчидан, болалар майдончаси йўқ эди. Муаммоларимиз бўйича вилоят ҳокимига мурожаат қилганимиздан сўнггина болалар майдончаси бунёд этилди. Учинчидан, лифтлар ишламайди. Тўртинчидан, коммунал соҳада қайси ташкилотга борсак, мутасаддилар биз яшаётган уйнинг ичимлик суви, оқова сув, газ ва электр тармоқларининг зарур ҳужжатлари бу ташкилотларга белгиланган тартибда топширилмаганлигини таъкидлайди. Хусусан, трансформатор Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонаси тасарруфига ўтказилмаган. Демак, махсус лаборатория синовлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бу эса мазкур кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли ҳаёти учун хавфли.

Бу эътирозларга изоҳ сўраб, “Rudakiy qurilish va ta‘mirlash” ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш хусусий корхонаси иш юритувчиси Рустам Яхёевга мурожаат қилдик. Унинг таъкидлашича, объектни фойдаланишга қабул қилиш ҳақида давлат қабул ҳайъатининг далолатномаси тузилган. Шу далолатномага асосан унинг назарида ҳамма ишлар рисоладагидек битган.

- Тўғри, объектни фойдаланишга қабул қилиш ҳақида давлат қабул ҳайъатининг далолатномаси тузилган, - дейди мурожаат қилган фуқаролардан яна бири Нормурод Жўраев. - Аммо бизга берилган маълумотларга кўра қурилиш ташкилоти томонидан Самарқанд шаҳар газ таъминоти ҳудудий участкасига бинонинг газ лойиҳа ва ижро техник ҳужжатлари тақдим этилмаган, кўп қаватли уйни электр энергияси билан таъминловчи трансформатор шаҳар электр таъминоти корхонаси балансига топширилмаган, шунингдек уйнинг ичимлик суви тармоқлари кейинги эксплуатация учун вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси Самарқанд шаҳар филиали ихтиёрига белгиланган тартибда топширилмаган.

Бу ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси ҳамда вилоят бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Самарқанд шаҳар газ таъминоти ҳудудий участкаси раҳбарлари билан суҳбатлашдик.

- Ҳақиқатан ҳам қурилиш ташкилоти томонидан реконструкция қилинган уйнинг техник шартлари бажарилганлиги, электр энергиясидан фойдаланиш мумкинлиги ҳақидаги ушбу далолатномага имзо қўйиб, муҳр босганман, - дейди шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбари А.Муталибов. – Аммо бу кўп қаватли уйни электр энергияси билан таъминловчи трансформатор шаҳар электр тармоқлари корхонаси балансига топширилди, дегани эмас. Шунинг учун биз бу уй электр тизимида муаммо бўлса хизмат кўрсатмаймиз. Ҳудудда электр билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса рўй берса, жавобгарлиги қурилиш ташкилоти зиммасида.

А.Муталибовнинг сўзларидан объектни фойдаланишга қабул қилиш ҳақида давлат қабул ҳайъатининг далолатномасига трансформатор корхона балансига ўтмаса ҳам имзо қўйиш мумкин, деган фикрни англаш мумкин. Газ таъминоти идорасига борганимизда масала юзасидан қизиқ ҳолатга дуч келдик.

- Далолатномадаги муҳр филиалнинг муҳри, аммо имзо вилоятда шу соҳада раҳбарлик қилган шахсларнинг имзосига ўхшатолмадим, - деди вилоят бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Самарқанд шаҳар газ таъминоти ҳудудий участкаси раҳбари Б.Турдиев. – Аслида фойдаланишга топширилган бинонинг газ лойиҳа ва ижро техник ҳужжатлари шаҳар газ таъминоти ҳудудий участкасига тақдим қилингач, объектни фойдаланишга қабул қилиш ҳақида давлат қабул ҳайъатининг далолатномасига имзо ва муҳр қўйилиши керак эди.

Мана, икки раҳбарнинг икки хил фикри. Хўш, бунга нима дейсиз? Биз ҳали далолатномага имзо қўйган ўнга яқин раҳбарлар билан учрашмадик. Афтидан уларнинг ҳам гапи шу маънода бўлади.

Вилоятда қурилаётган янги уй-жойлардаги муаммолар талайгина. Бу оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Мавжуд муаммоларга барҳам бериш, асосийси, уларнинг олдини олишда мутасаддилардан катта масъулият талаб этилади. Ўйлаймизки, бизга мурожаат қилган фуқароларнинг муаммоси ҳам тегишли мутасаддилар эътиборидан четда қолмайди. Чунки бу уйда истиқомат қилаётганлар ҳар куни, ҳар соатда кундалик муаммоларга дуч келаяпти.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.