Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ёшлар ўртасида “Чарм тўп” беллашуви бўлиб ўтмоқда

Вилоятимизнинг барча ҳудудларида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида “Чарм тўп” мусобақаси ўтказилмоқда.

Мусобақанинг биринчи босқичи июль ойида маҳаллалараро бўлиб ўтди. Беллашувнинг иккинчи туман ва шаҳар босқичлари 10 августгача давом этади. 10 августдан 20 августгача мусобақанинг вилоят босқичи ва ой якунида ғолиб бўлган жамоа беллашувнинг республика босқичида куч синашади. 

Футбол мусобақаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 24 июлдаги “Маҳалла ёшлари ўртасида “Чарм тўп” анъанавий футбол мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Бундан мақсад ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спортга жалб этиш ҳамда чекка қишлоқларда яшовчи ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олишга қаратилган.     

Мусобақанинг биринчи куни Самарқанд шаҳар 2-сон болалар-ўсмирлар спорт мактаби футбол ўйингоҳида Самарқанд шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда шаҳардаги 9 та маҳалладан 150 нафардан ортиқ ёшлар жамоаларга бўлинган ҳолда ўзаро майдонда тўп сурди. Якунда Хўжа Соат МФЙ пеналтилар ҳисобига Мақсуд Шайхзода МФЙ жамоаси устидан 5/4 ҳисобда ғалаба қозонди. Хўжа Соат маҳалласи ёш футболчилари мусобақанинг вилоят босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.