Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанднинг “қизил” ҳудудларида эълон қилинган енгилликдан айрим фуқаролар фойдаланиб қолишга уринмоқда

07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача ҳеч бир мақсадсиз, шунчаки, сайр қилишга чиқиб, уни тўхтатган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мақсадли юрганини асослаб беролмай, қўшимчасига тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиб, гўёки ўзини “оқлаб кўрсатиб”, вилоят раҳбарини рўкач қилган ҳолда вазиятдан чиқиб кетишга уринаётганлар ҳам топилмоқда.

Вилоят махсус комиссияси қарорини бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Мақсадсиз юрибсизми, қонун доирасида жаримага тортиласиз!

Марҳамат, фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) иш жойига бориб-келиш, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун чиқинг. Ҳеч кимнинг сизга эътирози йўқ. Бироқ вазиятдан қўштирноқ ичида фойдаланиб қолманг.

Енгиллик берилгани - бу сизни ҳеч ким тўхтатмайди, ҳужжатингизни текширмайди, дегани эмас!

ЙПХ ва ППХ ходимлари ҳайдовчи ва фуқароларнинг нима мақсадда юрганлигини текшириш ваколатига эга.

Ҳурматли фуқаролар, яна бир бор ушбу енгилликларни нотўғри талқин қилмасликларингизни сўраймиз. Белгиланган чекловларга тўлиқ ва аниқ, оғишмай амал қилсак, ҳолатимиз янада енгиллашиб бораверади.

Барчамиз болаларимизни боғча, мактабларга, истироҳат боғларига олиб боришни, кўчаларда сайр қилдиришни, тўй қилишни, талабалар таълим олишни, шифокорлар уйга боришни кутяпти. Касалликни тезроқ енгишга барчамиз бирлашиб ҳаракат қилайлик.

Биргина, ички ишлар органлари ва бошқа тегишли идоралар ёрдами билан чекловларни таъминлаш оғир.

Ҳурматли журналист ва блогерларимиздан асл ҳолатларни асосли ва холис ўрганмасдан, ҳар қандай маълумотларни тармоқларга жойлаштирмасликларини, бу борада тарғибот ва чақириқларни кучайтиришларини илтимос қиламиз.

 

Жаҳонгир САГДУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби.