Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Санъат ва маданият халққа, миллатга хизмат қилсин

Янги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввуримиз ислоҳотлар жараёнида кундан кунга теранлашиб, ёрқинлашиб боряпти. Аслида бу ғоянинг моҳияти жуда оддий: инсон ўзини ўзи, жамиятни эса унинг аъзолари, яъни жамият бошқариши керак. Бошқариш эса ҳаётнинг оғир-енгил ва увол-савобини зиммасига олиш дегани. Давлатимиз раҳбари “Энди ислоҳотлар ташаббускори давлат эмас, жамият бўлади, раҳбарлар фаолиятига халқ баҳо беради”, деганда ана шу ғояни назарда тутган.

Хўш, бутун дунёда тождор вирус хавфи кучайган, иқтисодий инқироз давом этаётган бир пайтда давлат раҳбари нега ушбу фармонни имзолади?

Чунки глобаллашув жараёни фақат иймон-эътиқодли, маънавий юксак миллатгина бугунги синовларга бардошли эканини кўрсатди.  Бунинг устига бизда йиллар давомида сиёсий ислоҳотларда бир ёқламаликка йўл қўйилди. Жамиятнинг барча буғинлари бирдек кучга эга бўлмади. Инчунин, жуда кўп тармоқ ва соҳаларнинг ҳуқуқий ва моддий асоси бир-бирига мос келмасди. Натижада жамиятда айрим ташкилотлар устуворлиги сезилди. Аксинча, бошқаларида шу тарзга кўникиш пайдо бўлди.

Давлат раҳбарининг Парламентга Мурожаатлари бундай қарашларга биринчи бўлиб зарба берган эди. Дарвоқе, бу чиқишлар мамлакатда ошкораликнинг янги босқичига ҳам йўл очди. Мурожаатлардаги ғоялар асосида қабул қилинган ҳужжатларда энг аввало, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш, шу орқали халқнинг ижтимоий фаоллигини, яъни ўзи, оиласи, Ватани тақдири учун масъулиятини ошириш, яхши ташаббус, яхши сўзни рағбатлантириш мезон қилиб олинди. Дастур ва лойиҳалар кабинетда ёки ихчам давраларда эмас, балки халқ билан маслаҳатлашган ҳолда, одамлар эҳтиёжи ва талаби асосида шакллантирила бошланди. Эътибор қилганмисиз, кейинги уч йилда бизда ислоҳ қилинмаган соҳа қолмади ҳисоб.

Президент Ш.Мирзиёевнинг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига ана шу нуқтаи назардан ёндашмоқ лозим. Тўғри, бу борада дастлабки қадамлар бор эди. Мен давлат раҳбарининг ижодкор зиёлилар билан учрашуви ҳамда минтақаларга ташрифи чоғида санъат, маданият муассасалари қурилиши бўйича берган таклифларини, мақом ва бахшичилик фестивалларини назарда тутяпман. Аммо ижодкор зиёли сифатида яқин 50 йил ичида маданият ва санъат соҳасида бу қадар кенг қамровли, пухта ва мажмуавий ҳужжат қабул қилинганини эслай олмайман. Соҳадаги далзарб вазифалар шу қадарли аниқ белгилаб берилганки, айримлари бўйича ҳатто “Йўл харитаси”га ҳам ҳожат қолмаган.

Ушбу Фармон ғояси, вазифаси ва мақсадини унинг матнидан билиб олиш қийин эмас. Қолаверса, соҳа ходимлари муҳокама чоғида ўз вазифаларни янада аниқлаб олишади. Камина ушбу ҳужжатларнинг ижтимоий аҳамияти хусусида тўхталмоқчиман. Буни қуйидагиларда кўриш мумкин:

Биринчидан, маданият ва санъат шахсий эмас, балки миллий манфаатга хизмат қилиши лозим. Миллий манфаатни эса Маҳмудхўжа Беҳбудий “Театр бу ибратхонадур” деган ибораси орқали жуда чиройли ифода этган. Демак, маданият ва санъат миллат тарбияси учун масъул.

Иккинчидан, худди маънавий бойлик каби иқтидор ва маҳорат ҳам миллий қадрият, жамият мулки сифатида эъзозланиши зарур. Эъзозланиши учун одамлар санъат асари таъсирида ўзида яхши фазилатларни тарбиялай олсин. Бу борада давлат ва халқ эътирофи бир-бирига мос келмоғи керак. Гап камчилик томошабин учун яратилаётган ёки ижро этилаётган асарлар яратган ижодкорлар эмас, балки ўз соҳасида мактаб ярата олган санъаткорлар хусусида бормоқда.

Учинчидан, Фармон санъаткорнинг жамиятдаги ўрни ҳақида халқ ўртасида, ижтимоий тармоқларда бўлаётган жуда кўп баҳс-мунозарларга оқилона якун ясади, десак ҳам бўлади. Чунки санъат жамоасининг (қўшиқчиликда ҳам, кино, театр, циркда ҳам) барча аъзоси ижрода бир хил қадрга эга эканлигини унутдик. Оқибатда аксарият ёшлар қўшиқчи бўлишга интилиб қолди. Давлат тадбирларидаги иштироки, келиб-кетиши, гоҳида либос олиши санъаткорнинг қайси даромадидан бўлишига эътибор бермадик. Қўшимча юкламалар анъанага айланди. Нафақат қўшиқчилик, балки театр, кино, циркда ҳам бу аҳволни кузатиш мумкин. Энди эса фармон асосида иш тутилса, бу камчиликлар ўз-ўзидан барҳам топади. Муаллифлик ҳуқуқи санъаткорни ҳимоя қилиш баробарида ўз устида ишлашга ҳам ўргатади. Санъаткорнинг ижоди қадрланиши барбарида унинг жамият, томошабин олдидаги масъулияти ҳам ошади. Чунки бу ҳолатларни баҳолаб бориш мезони яратилди.

Тўртинчидан, ниҳоят санъат ва маданиятда ҳам илм ва фан зарур эканлигини ошкор айтдик. Бу соҳанинг илмий асослари яратилиши юзасидан белгиланган вазифалар янги Ўзбекистон ғоясининг таркибий қисмидир. Гап ҳар бир қўшиқчи нотани билиши, ҳар бир мусиқа бастакор, яъни мутахассис томонидан яратилиши, санъат асарлари мазмун-моҳияти мониторинг қилиниши устида бормоқда. Демак, соҳага ҳар кимнинг адашиб кириб қолишига йўл қўйилмайди.

Бешинчидан, соҳани комплекс тарзда ислоҳ қилиш унинг йўналишлари ўртасидаги муносабатлар мутаносиблигини таъминлайди. Ушбу Фармон маънавий ҳаётимиздаги инқилобий ва тарихий ҳужжат бўлди. Фақат бу инқилобий туйғу, тушунча, масъулият соҳанинг ҳар бир ходими, қолверса, барча аҳоли онгида акс садо бериши лозим.

Маданият ва санъат миллатнинг энг нодир бойлиги. У миллий ғурур манбаи ҳамдир. Унинг намояндалари миллатни, Ватанни дунёга танитади. Бунинг учун жаҳон аҳлининг миллий мусиқа ёки мақомларимиз ижросига чексиз иштиёқининг ўзи фикримизга мисол бўла олади. Спортчилар ғолиблик шоҳсупасига чиққанида Ватанимиз мадҳияси юракларга қанчалик ғурур бахш этишини эсдан чиқармайлик.

Фармон ТОШЕВ,

Олий Мажлис Сенат аъзоси.