Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайловга оид қонун нормаларида қандай янгиликлар бор?

Яқинда шаҳар ва туманларда тузиладиган участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар учун семинар-тренинглар бўлиб ўтди.

Ўқув иштирокчилар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларида бевосита, ўз вакиллари орқали иштирок этиши ҳақидаги тасаввурлари кенгайтирилгани, сайловга оид қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида аниқ билимларга эга бўлгани билан аҳамиятли бўлди.

Негаки, унда қайд этилганидек, жорий йил юртимизда муҳим сиёсий жараён – парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Мазкур сиёсий тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайловга оид 5 та қонун ва бир қатор қонуности ҳужжатлар ва жараён билан боғлиқ кўп йиллик амалий тажрибамиз мажмуи бўлган Сайлов кодексида белгиланган тамойиллар асосида ўтказилади.

Шу боис, кодексда белгиланган принципларни кенг жамоатчилик, биринчи навбатда бевосита сайлов жараёнини ташкилий ишларни амалга оширувчилар теран англаб етиши муҳим аҳамиятга эга.

Зеро, сайлов кодексида амалдаги қонунларда ифодаланган нормаларни мужассамлаштириш билан бирга, бир қатор янги қоидалар ҳам ўрнатилди. Хусусан, қайд этилган ҳужжатда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланган. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугаши белгиланиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 дан 5 кишигача кўпайтирилган.

Семинарларда сайлов кодексида сайлов жараёнлари билан бевосита боғлиқ бир қатор янги қоидалар ҳам жорий этилгани алоҳида қайд этилди. Жумладан, кодексда сайлов участкасида овозларни санаш баённомаси нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланган. Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар) кўрсатилган.

Ўқув иштирокчилари бундай амалиётларни бевосита бажариб кўриб, кузатилган айрим муаммоли ва баҳсли ҳолатлар бўйича батафсил ахборот олишди.

Шунингдек, семинар-тренинглар давомида сайлов кодексининг муҳим жиҳатлари нимадалиги, сайлов бўйича нега айнан кодекс қабул қилинганлиги, унинг аввалги қонунлардан қандай фарқли томонлари борлиги интерфаол усулларда тушунтирилди.