Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Саёҳатнома: Малайзия - ўрмон ичидаги афсонавий мамлакат

Малайзия - Жанубий-Шарқий Осиёдаги федератив ислом давлати. Пойтахти – Куала-Лумпур шаҳри. Ҳудудини Жанубий Хитой денгизи иккига ажратиб туради. Яъни, Ғарбий Малайзия - Малакка ярим оролининг жанубида, Шарқий Малайзия - Калимантал оролининг шимолий қисмида жойлашган. Умумий майдони - 332,8 минг километр квадрат. Аҳолиси - 33 миллион киши. 1992 йилдан Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларни ўрнатган. Пул бирлиги – ринггит (1 ринггит 2500 сўм). Малайзия каучук, пальма ёғи, қалай экспорти бўйича дунёда олдинги ўринлардан бирида туради.

Малайзия афсонавий мамлакат. Бундай дейишга ушбу мамлакатнинг географияси, иқлими ва табиатига хос ландшафти, ўсимлик дунёси сабаб бўлди. Эҳтимол, одамларининг бизга бўлган муносабати ҳам бунга туртки бўлгандир. Одатда биз, ўзбеклар ўзимизни меҳмондўст деб биламиз. Бироқ уларнинг бизга кўрсатган меҳмондўстлиги бизникидан-да, ошиб тушди. Малайзияда 15 кун бўлдик, уларнинг бирор кун бизни меҳмон сифатида сийламаганини эслай олмайман. Дам олиш кунларини-ку қўяверинг, улар бизлар учун махсус сайёҳатлар уюштирди.

Саёҳатимиз давомида Малайзиянинг учта шаҳри - Куала-Лумпур, Путражая ва тарихий Малакка шаҳарларига, денгиз соҳилларига ва Малайзиянинг анъанавий архитектураси намуналари мужассам бўлган Сери-Менанти Қироллик саройига саёҳат қилдик.

Ушбу жойларда архитектор сифатида магистраль автомобиль йўлларининг ўта юқори тартиб ва жаҳон стандартлари талаблари даражасида қурилганлигини, йўллар атрофи ва магистраллардаги юқори сифатга эга ландшафт ечимларини, биздаги каби текширув постлари ва давлат автомобиль назорати ходимларининг йўқлигини, йўлларнинг равон ва текислигини кўрдим. Ушбу йўллар бўйлаб мотоцикллар ҳам ҳаракат қилади. Улар машинага қараганда тезроқ ва эркин ҳаракатланар экан.

Йўллар четига бир хил ўлчамда пальма, папая, кокос ва бошқа маҳаллий мевали дарахтлар экилган. Ҳаммаёқ ям-яшил дарахтзор, узоқларда кўринадиган тоғ ва қирлар ҳам яшил, гўё бутун мамлакат яшилликка буркангандек. Бунинг сабаби мамлакат доим 28-30 даража иссиқ, нам экваториал тропик иқлимга эга эканлигида ҳамдир.

Малайзия дунёга очиқ мамлакат, улар ўзга диндагиларга бағрикенг, толериант халқдир. Биз Малайзияга хитойлар, инглизлар, португаллар, ҳиндлар, покистонликлар таъсирини кўрдик. Ҳамма ерда уларнинг коорпорациялари, кварталлари, савдо компаниялари ва қурилиш комплекслари кўзга ташланади. Ҳар бир мамлакатдан келганлар ўз миллий кийимларида кийинади, урф-одатлари бўйича юради, ибодат қилади. Шу билан бирга Президент ҳам, мамлакат халқи ҳам дунё тили - инглиз тилини яхши билади. Шу боис хорижий инвесторлар учун Малайзияда тил муаммоси йўқ. 

Бу юртда биздагидек Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлар жуда кам. Ўлка ўзининг бой тарихий архитектураси ва шаҳарларига эга эмас. Бироқ улар бизга ўзларининг ўрта асрлар ва ўтмишда маҳаллий халқи қурган ва яшаган турар-жойлари ва саройларини кўрсатишди. Уларда аҳоли яшамайди, бу жойлар очиқ осмон остидаги этнопарк-музей тарзида туристларга кўрсатиш учун сақланмоқда, холос.

Малайзиянинг замонавий архитектураси ва шаҳарсозлиги Ўзбекистонникидан тубдан фарқ қилади. Осмонўпар бинолар, уларнинг остидаги гаражлар, супермаркет ва гипермаркетлар, тунги нурли понорамалар, шаҳар осма транспорт йўллари, ҳаракатланувчи тротуарлар, шаҳарнинг ландшафт дизайни ва флористикаси ўта ўзгача.

Куала-Лумпурни иккинчи Дубай десак хато қилмаймиз. Фарқи шуки, у саҳро ва сув ичидаги эмас, ўрмон ичидаги шаҳардир. Дарвоқе, ҳозирда Куала-Лумпурда баландлиги бўйича Осиё мамлакатлари ичида энг баланд офис биноси қурилмоқда. 

Нилай шаҳрида биз Ўзбекистондан ўқишга борган талабаларни кўрдик. Уларнинг шароитлари яхши, бироқ контракт тўлови қиммат – бир ўқув йили учун 3 минг доллар. Агар олий ўқув юртларида бакалавр йўналишидаги таҳсил муддати 3 йил эканлигини эътиборга олсак бу ёмон эмас. Баъзи университетлар қошида махсус лицей-мактаблар бор. Ҳар бир олийгоҳнинг лабораториялари, ўз нашриёти, ишчи машиналари ва автобуслари мавжуд.

Малайзияликлар кўпроқ товуқ, мол, қўй гўшти ва балиқ ҳамда денгиз жониворларини истеъмол қилади. Улар нон ўрнига гуручни сувга қайнатиб, овқатингиз ёнига алоҳида қўшиб беришади. 

Ёши олтмишдан ошганларга нафақага чиқишни таклиф қилишар экан, лекин улар мутахассис сифатида ишда қолишни хоҳласа бунга қаршилик қилмас экан.

Сафаримиз давомида Малайзия исломий фанлар университети (МИФУ)да “Ўрта Осиё ислом архитектураси ва шахарсозлиги тарихи, архитектуравий нақшлар ва шакллар уйғунлиги” мавзусида талабаларга 8 соатлик дарс машғулотлари олиб бордик. Бундан ташқари, СамДАҚИ ва МИФУ ўртасида ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда мутахассислар (бакалавр, магистр ва архитектура бўйича фалсафа докторларини) тайёрлаш, ўқув жараёнларини ўзлаштириш ва тажрибаларни ўртоқлашиш, халқаро тан олинган илмий журналларда мақолалар нашр эттириш бўйича келишувларга эришдик. Энг муҳими, Малайзиядаги ижтимой-иқтисодий ривожланиш, айниқса архитектура ютуқлари ва соҳадаги бой тажрибаларни Самарқанднинг нафақат шаҳарлари, балки олис туман, маҳалла, қишлоқларида ҳам жорий этишни ўзлаштирдик.

Аҳтам ЎРОЛОВ,

меъморчилик фанлари доктори, профессор.