“Яшил макон” – келажакка экилаётган ҳаёт дарахти
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда яна бир хайрли ва эзгу ташаббусга асос солди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди.
Бу ташаббус нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга бўлган улкан экологик ҳаракатдир. Зеро, кўчат экиш нафақат дунёвий, балки диний жиҳатдан ҳам юксак савобли амал ҳисобланади. Ислом таълимотида табиатни асраш, ерга ғамхўрлик қилиш ва дарахт экиш катта фазилат сифатида улуғланган. Пайғамбаримиз ҳадисларида шундай дейилади: “Агар бир мусулмон дарахт экса ёки экин экиб, ундан инсон, қуш ёки ҳайвон истеъмол қилса, бу унга садақа бўлади”. Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, дарахт экиш доимий савоб манбаи бўлиб, инсон ҳаётидан кейин ҳам унинг савоби давом этиб туради.
Қолаверса, дарахтлар атроф-муҳит учун беқиёс аҳамиятга эга. Улар ҳаводаги зарарли газларни ютиб, кислород ажратади, иқлимни юмшатади, тупроқни мустаҳкамлайди ва чанг-тўзонни камайтиради. Шу билан бирга, дарахтлар инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиб, тоза ҳаво манбаи бўлиб хизмат қилади, руҳий хотиржамликни таъминлайди ва ҳаёт сифати яхшиланишига ҳисса қўшади.
Президентимиз томонидан амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар халқимиз онгида табиатга меҳр, экологик маданият ва масъулиятни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, ёш авлодни кўчат экиш ва уни парваришлашга жалб этиш орқали уларнинг табиатга бўлган муносабати ижобий томонга ўзгармоқда.
Самарқандликлар Президент ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Хишрав қўрғонининг Яшил техникум ҳудудидаги 5 гектар майдонда Самарқанд дендрология боғини ташкил этди. Ушбу тадбирда вилоят ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этиб, 2500 туп кўчат экилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар юртимизни янада обод, яшил ва экологик тоза ҳудудга айлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Ҳар бир фуқаро бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, кўчат экиш ва уни асраб-авайлашга ҳисса қўшса, келажак авлодларга соғлом ва гўзал муҳитни мерос қилиб қолдириш имконига эга бўламиз.
Акрам Ҳайдаров,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари.