Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спартак қўзғолонининг тор-мор этилишига нима сабаб бўлган?

Жаҳондаги энг катта қуллар қўзғолонларидан бири қадим Римдаги Спартак бошчилик қилган гладиаторлар исёнидир. Бу ҳақда ўнлаб китоб ва кинофильмлар ишланган бўлса-да, ўша даврдаги тарихчиларнинг фикрлари қандай бўлган? Дарҳақиқат, Спартакнинг яқин ҳаммаслаги Крикснинг узоқни кўра билмаслиги туфайли ушбу исён римликлар томонидан бостирилганини биламиз. Гладиаторлар мактаби хўжайини Лентул Батиат Спартакнинг сотиб олиб Капуя шаҳрига, гладиатор мактабига жўнатаётганида қачондир келиб унинг бу янги қули жаҳондаги қочоқ қуллар исёнининг намояндаси бўлиб қолишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак.

Рим ёзувчиси Флор Спартак қўзғолонидан юз йиллар ўтгач дунёга келган. Ўз асарларида Ўрта Ер денгизи ва Болқон орасидаги ҳудудда яшаган ўша фракиялик ёлланма аскар - Спартак Рим армияси хизматидан бўйин товлаган қочоқ, кейинчалик ўз ақли, маҳорати ва кучи билан гладиаторга айланган, деб ёзган.

Айнан у Капуядаги гладиаторлар мактабида Криксни учратади. Тарихда Крикснинг қул бўлишигача нима билан шуғуллангани маълум эмас. Айрим тарихчиларнинг ёзишича, унинг кельтларга хос бўлган хусусиятларига қараб галлиялик бўлган деб тахмин қилишади. Лотин тилида Крикс - "жингалаксоч" деган маънони беради. Гладиаторлар Лентул Батиатнинг шахсий қуллари ҳисобланиб, уларга ҳайвонларча муносабатда бўлишган. Плутархнинг ёзишича, улар бирон бир ёмон иш қилишмаса-да, ўз хўжайини томонидан то жанггача қафасда сақланган. Эрамиздан аввалги 73 йилга келиб Спартак энди бундай ҳаёт кечиришга тоқат қилолмади ва қочиш режасини тузиб чиқади. Дастлаб Спартак 200 нафар қуллар билан қузғолон кўтариб, Апеннин водийсини кесиб ўтиб, Рим ҳукмронлик қилган ерлардан бош олиб кетишга қарор қилган. Аммо унинг режаси назоратчиларга маълум бўлиб қолгач, воқеалар жараёни тезлашиб кетади. Тўсатдан 78 кишидан иборат гладиаторлар қуроллар сақланаётган омборхонага ҳужум қилиб, мактабдан қочиб чиқишга уринади. Соқчиларнинг қаттиқ қаршиликларини енгиб озодликка чиққан қуллар ўзларига Спартакни бошлиқ қилиб олишади. Унга эса Крикс ва Эномай ёрдамчи бўлади. 

Ўша даврларда римлик эркин фуқаролар қулларнинг бош кўтаришидан жуда қўрқишган. Сўнгги 50 йил ичида Римда икки марта қуллар исёни содир бўлган. Икки марта ҳам улар шафқатсизлик билан бостирилганига қарамай оқибати жуда аянчли якун топган. Айниқса, аҳолисига қараганда қулларнинг сони кўп бўлган шаҳарларда, бу каби исёнлар одамлар юрагига ғулғула солган.

Шундай қилиб, шаҳар чеккасида ўрнашиб олган гладиаторлар атрофида қочоқ қуллардан иборат қўшин тўплана бошлайди. Спартакнинг қўлга киритган ютуқлари ва қочоқлар орасида демократик тартиб-интизомга амал қилганлиги туфайли кўпроқ қуллар ўз хўжайинларини ўлдириб, қўрғонларини ёқиб, қщлларига учраган қуроларни олиб қочоқлар қўшинига келиб қўшилади. Тез орада уларнинг сони 70 минг кишига етади. Энди мамлакатдан қочиш тўғрисидаги режалар ўзгариб, кенг миқёсдаги ҳарбий ҳаракатларга айланади. Қуллар ўз хўжайинларидан шафқатсиз қасос олишга ҳаракат қилишади. Айрим тарихчиларнинг фикрича, айнан Крикс Спартакни яқин-атрофдаги барча қўрғонларни талаб, эгаларини ўлдириб, ўзини ёндиришга ундаган дейишади. Унинг Спартак қўли остида мардларча жанг қилишига қарамасдан иккаласи ўртасида доимо келишмовчиликлар бўлиб турган. Римликлар дастлаб бир гуруҳ қочоқ қулларнинг ҳаракатида жиддий хавф борлигини кўрмаганлиги сабаб уларни бостириш учун генерал Гай Клавдий Глабр бошчилигида кам сонли, тажрибасиз аскарлардан иборат қўшинни юборади. Сенат легион солдатларини кўргач, қуллар ҳар томонга қочиб кетади деган фикрда эди. Аммо, собиқ гладиаторлар бошчилигидаги қуллар Глабр қўшинини биринчи жангдаёқ мағлубиятга учратишади. Уларнинг жанговор шаштини кўрган Рим расмийлари энди Публий Вариний бошчилигидаги тажрибали ва кўп сонли қўшинни жўнатади. Аммо, Спартак аскарлари Вариний қўшинини тор-мор қилиб, ўзини ҳам асир олишига сал қолади. Шундан сўнг римликлар ҳушёр тортишди. Вазият жуда қалтис эканлигини англаб, шумлик йўлига ўтишди. Сотқин қуллар ёрдамида икки йўлбошчи ўртасида ўзаро қутқу солишга ҳаракт қилашади. Шундан сўнг воқеалар ривожи ялангоёқ қулларнинг жаҳоннинг энг қудратли империясини йўқ қилишдек орзусини чиппакка чиқарди. Номаълум сабабларга кўра, қуллар армияси иккига ажралди. Унинг бир қисмига Спартак, иккинчисига эса Крикс раҳбарлик қила бошлади. Плутархнинг фикрича, Крикснинг ўз кучига ортиқча баҳо бериши ва Спартакнинг маслаҳатларига қулоқ солмасдан ҳаракат қилиши икки дўст орасига душманлик қутқусини солган. Тахминларга кўра, Крикс ўз кам сонли қўшини билан Римга юриш қилишни мўлжаллаган экан. Бошқа бир тарихчиларнинг фикрича, қўзғолончиларнинг иккига бўлинишига римликлар сабаб бўлган. Улар бундан фойдаланиб Крикснинг 30 минг кишилик қўшинини тор-мор келтирди. Крикснинг ўзи Гарган тоғлари яқинидаги жангда ҳалок бўлди.

Спартак ўз сафдошининг ҳалок бўлганини эшитиб жуда хафа бўлди ва унинг хотирасига бағишлаб гладиатор жанглари ташкил этди. Бу сафар жанглар асир олинган рим аскарлари ва лашкарбошилари ўртасида ўтказилди. Кўп ўтмай ёлғизланиб қолган Спартакнинг ўзи ҳам римликлар билан бўлган кучли жанглардан бирида ҳалок бўлди. Асир олинган қуллар армиясининг 6 минг нафар аскари Римдан Капуягача бўлган йўлнинг икки томонига чормихга тириклайин тортилди.

Шундай қилиб, инсоният тарихидаги энг кучли қуллар қўзғолони бошлиқларининг ҳарбий соҳада билим ва кўникмалари етишмаслиги, шунингдек, хиёнат аралашгани сабаб бостирилган.

Дил МУРОД тайёрлади.