Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спортнинг ўзбек жанг санъати тури билан шуғулланаётган самарқандлик ёшларнинг сони 1200 нафарга етди

Самарқанд шаҳридаги спорт якка курашларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида анаъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ўзбек жанг санъти бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида “Қорбобо совғаси” вилоят очиқ турнири бўлиб ўтди.

Турнирнинг очилиш маросимида вилоят Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Ҳ.Юсупов, федерациянинг фахрий раиси Ф.Тошев Самарқандда кейинги йиллар ушбу спорт турининг ривожланаётгани, кўплаб Ўзбекистон ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқаётгани, айниқса, олис ва чекка қишлоқларда ўзбек жанг санъати турига қизиқувчилар ва шуғулланувчилар сонининг ортаётгани таъкидланди.

Йил давомида юқори натижаларга эришган спортчиларнинг ота-оналари ва мураббийларига федерациянинг ташаккурномалари, Жавоҳир Аҳмаджонов, Муҳаммадали Абдусаидов, Фариддин Рўзиев, Элёр Бозоров, Латиф Темиров, Руҳшона Аҳатқулова, Аъзам Ашуров, Жасмина Ҳасанова, Исмоил Мустафоев, Жаҳонгир Юнусов ва Фурқат Бозоров каби спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.

“Қорбобо совғаси” вилоят очиқ турнирида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан 280 га яқин 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар баҳслари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллади, Паст Дарғом тумани иккинчи ва Каттақўрғон тумани жамоаси учинчи ўрин билан кифояланди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, вилоятимизда спортнинг ўзбек жанг санъати тури билан 10 йил олдин 300 нафар ўғил-қиз шуғулланган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 1200 нафарга етди. Спортчиларнинг 120 дан ортиғи республика, 50 га яқини жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиблигини қўлга киритди. Жорий йилнинг спортчилар вилоят ҳисобига 37 та олтин, 44 та кумуш ва 74 та бронза медалларини олиб келди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.