Хотинингиз билан қачон ажрашасиз?

Мунира эркаланиб Жамшиднинг бўйнига осилди.
- Сабр қил жоним, арзирли баҳона тополмаяпман, боламиз бор! Нима, менга ишонмайсанми?
- Ишонаман, лекин бундай хуфиёна учрашиб юришимиз яхши эмасда, жоним. Тилла зираклар учун раҳмат, дугоналарим ҳасаддан ўлаёзди.
- Ҳозир, бир дақиқа! - Жамшид жиринглаётган телефонни қулоғига тутди.
- Алло, ҳа, яна нима гап? Сенга неча марта айтаман, менга қўнғироқ қилма, бандман, деб.
- Хавотир оляпманда, кеча уйга келмадингиз! - телефондан хотинининг овози эшитилди.
- Оббо! - Жамшид зарда билан телефонни ўчирди. - Жонга тегдида.
- Ҳа, хотинчангиз соғиниб қолибдими? - Мунира пичинг қилди. - Ваъдаларингиз эсдан чиқмасин. Ҳозирча манави уй, миниб юрган машинани номимга ўтказиб қўйинг.
- Мен кетдим, эртага учрашамиз! Албатта, айтганинг бўлади.
- Ҳой, тўхтанг, қаерга? - Мунира унинг ортидан ҳай-ҳайлаб қолди: “Шошмай тур ҳали, уй, машинани номимга ўтказ, кейин ўзим биламан”.
…Жамшид узил-кесил қарорга келган эди: “Бўлди, Собирани жавобини беради, ўғилчасини хоҳласа олиб кетсин, хоҳламаса ташлаб кетсин”.
- Собира, қаердасан? - Жамшид эшикдан кириши билан бақирди.
- Шу ердаман! - Ошхонада овқат қилаётган хотини эрининг таҳдидли овозини эшитиб югуриб чиқди.
- Ассалому алайкум, яхши келдингизми?
Жамшид уни қозон ҳиди анқиб турган ҳолатига ва қўлидаги капгирга жирканиб қаради: “Туришини қара, кўнглинг айниб, қайд қилгинг келади. Бундоқ ўзига қарашни ҳам билмайди, уйланаётганимда кўзим қаерда эди-я”?!
Кўз олдига ўзига оро берган, вужудидан эркакнинг бошини айлантирадиган хушбуй атир иси анқиб турган Мунира келади: “Қандай гўзал аёл!..”.
- Бу нима аҳвол, кўчадаги рўдапо, тиламчи аёлга ўхшайсан. Мана булар оёқ остида нега ётибди. Кун бўйи уйда ўтириб нима қилаяпсан ўзи? - Жамшид супургуни тепиб юборди.
- Кечирасиз, ҳали эшик олдини супурувдим, унутибман.
- Бўлди бас, ўзингни оқлашга уринма! Етар, сени кўришга тоқатим йўқ. Йўқол, даф бўл, ажрашамиз.
…Жамшид Мунирани йўқлаб келганда кеч тушиб қолганди: “Мана энди ўзи хоҳлаганча яшайди”. У дарвоза тугмачасини босди.
- Ҳозир! - ичкаридан Муниранинг овози эшитилиб, дарвоза очилди. - Келдингизми?
- Мана, жоним, вадамнинг устидан чиқдим. Мана бу уй, машина сенинг номингга ўтганлиги ҳақида хужжат, мана бу хотиним билан ажрашганим тўғрисида суднинг қарори...
Мунира ҳужжатларни олиб заҳарханда илжайди.
Кунларнинг бирида:
- Мана бу хотининг билан ажралганинг ҳақидаги суднинг қоғози ўзингга сийлов, аҳмоқ! Энди йўқол! Оиласига хиёнат қилган одам менга садоқат кўрсатармиди? Дарвоза тарақлаб ёпилди. Жамшид кўчада карахт бўлиб қолди: “Энди қаерга боради”?
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.